Сешанба, 27 Апрель 2021, 13:07:58
Ҳаво ҳарорати :
eye Кўзи ожизлар учун
Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди

Жорий йилнинг 13 май куни Коррупцияга қарши курашиш Сирдарё вилояти ҳудудий Кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Наримон Умаров, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори ўринбосари Умида Тухташева ҳамда кун тартибидаги масалаларга доир вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, корхона ва ташкилот раҳбарлари, ҳудудий Кенгаш аъзолари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Йиғилишда қишлоқ хўжалиги ташкилотлари ва унинг қуйи тизимларида коррупцияга қарши курашиш ҳамда унинг олдини олиш юзасидан амалга оширилган ишлар, шунингдек, коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгашининг иш режасида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан масъулларнинг ахбороти эшитилди.

Дастлаб вилоят ҳокими, ҳудудий кенгаш раиси Ғофуржон Мирзаев кун тартибидаги масалалар юзасидан вилоятдаги айрим рақамларга тўхталиб ўтди.

Қайд этилишича, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида вилоят бўйича мансабдорлик ва коррупцияга оид ҳолатлар юзасидан 105 та жиноят ишлари қўзғатилган.

Бугунги кунга қадар 75 нафар шахсга нисбатан 57 та жиноят ишлари бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилиб, жавобгарлик муқаррарлиги таъминланган.

Ушбу йўналишда содир этилган жиноятлар оқибатида жами 17,1 млрд. сўмлик зарар аниқланган бўлиб, шундан тергов давомида 8,9 млрд. сўм ёки 52 фоизи ундирилган.

Жиноят содир қилган мансабдор ва бошқа шахсларнинг 67 нафари туман - шаҳарлар ва 8 нафари вилоят миқёсидаги корхона, ташкилот ва идораларга тўғри келади.

Соҳалар кесимида таҳлил қилинганда, жиноятларнинг аксарияти қурилиш, соғлиқни сақлаш, халқ таълими ҳамда қишлоқ ва сув хўжалиги  соҳа ходимлари томонидан содир этилган.

Йиғилишда қишлоқ хўжалиги тизимида учраётган коррупциявий жиноятларга алоҳида тўхталиб ўтилди.

Муҳтарам Юртбошимиз ташаббуси билан бу соҳани ислоҳ қилиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

Сўнгги йилларда қишлоқ хўжалиги соҳасида янги технология ва инновациялар жорий этилди, илгари мавжуд бўлмаган пахта - тўқимачилик, ғаллачилик ва мева - сабзавотчилик кластерлари ташкил этилди.

Қишлоқ хўжалиги соҳасининг ривожи, аввало, ер майдонларидан оқилона ва самарали фойдаланиш билан чамбарчас боғлиқ.

Ўзбекистон Реcпубликаси Ер кодексининг 23-моддасида, “ижарага берилган ер участкалари олди-сотди, ҳадя, айирбошлаш объекти бўлиши мумкин эмас” лиги қатъий белгилаб қўйилган.

Бироқ прокуратура органлари томонидан бугунги кунга қадар ноқонуний ер сотиш билан боғлиқ 26 та ҳолатда жиноят ишлари қўзғатилиб, судларга юборилган.

Шу ва шу каби қонунбузилиш ҳолатларининг келиб чиқиш сабаблари, қишлоқ хўжалиги ташкилотлари ва унинг қуйи тизимларида коррупцияга қарши курашиш ҳамда уни олдини олиш бўйича ўтказилган ўрганишлар натижалари атрофлича муҳокама қилинди.

Ишлаб чиқилган иш режага мувофиқ вилоят, корхона ва ташкилот раҳбарларининг ҳисобот ва маърузаларини ҳудудий кенгаш ишида эшитиш вазифаси белгиланган. Йиғилиш давомида Ички ишлар, соғлиқни сақлаш ва мактабгача таълим бошқармалари раҳбарларининг 2022 йил 1-чораги давомида коррупцияга қарши курашиш соҳасида амалга оширилган ишлар юзасидан ахбороти тингланди.

Муҳокамалар жараёнида Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгашининг фаолияти ҳам таҳлил қилинди ва ОАВ вакилларига батафсил маълумот берилди.

Кенгаш фаолиятида мониторинг ва назорат тадбирларини ўтказиш, эшитувлар ташкил этиш каби инструментлардан самарали фойдаланиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, коррупциянинг олдини олишга қаратилган барча норматив ҳужжатлар, дастурлар, белгиланган вазифаларнинг ижросини самарали ва ўз вақтида таъминлаш юзасидан ўзаро фикр алмашилди. 

Танқидий-таҳлилий руҳда ўтган йиғилиш сўнггида кун тартибидаги масалалар юзасида таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилиб, асосий вазифалар белгилаб олинди.

Сирдарё рақамларда
Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш