Сешанба, 27 Апрель 2021, 13:07:58
Ҳаво ҳарорати :
eye Кўзи ожизлар учун
Қонликўл тумани Сирдарё тажрибаси ва кўмаги асосида ривожлантирилади
Бугун, 28 декабрь куни Сирдарё вилояти ҳокими Ғофуржон Мирзаев Қорақалпоғистон Республикасининг Қонликўл туманида бўлиб, вилоятнинг ташаббускор тадбиркорлари томонидан туманда амалга оширилаётган ишлар билан танишди. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгаши Раиси Мурат Камалов вилоят ҳокимига ҳамроҳлик қилди.

Ҳукуматимиз томонидан Қорақалпоғистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Қорақалпоғистоннинг шимолий туманлари аҳолисининг турмуш даражасини ошириш мақсадида ушбу ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, жумладан, қишлоқ ва сув хўжалиги соҳаларида тадбиркорлик субъектларини ташкил қилиш орқали янги иш ўринларини яратиш ва бошқа масалаларда кўмаклашиш учун Республикамиз вилоятлари ушбу ҳудудларга бириктириб берилди.

Ушбу топшириқ ижроси доирасида Сирдарё вилояти мутасадди ташкилотлари, тадбиркорлик субъектлари ва фермер хўжаликлари вилоятимизга бириктирилган Қонликўл туманида кенг кўламли ишларга киришмоқдалар. Ишлаб чиқилган чора-тадбирлар режасига кўра 2022-2024 йиллар давомида мазкур ҳудудда жами 476,6 миллиард  сўмлик 17 та йирик лойиҳа амалга оширилади. Бунинг натижасида 2022 йилга келиб янги иш ўринлари 5 минг 900 тага етказилса, 2024 йил якуни билан бу кўрсаткич 7 минг 140 тани ташкил этади.

Шунингдек, Қонликўл тумани пахта-тўқимачилик, боғдорчилик ва полиз маҳсулотлари етиштиришни ривожлантириш мақсадида фойдаланишдан чиққан жами 9 минг 741 гектар, 2022 йилнинг ўзида 2 минг 922 гектар ер майдони қайта фойдаланишга киритилади. Бунинг учун эса вилоятдан олиб келинган 4 та ҳайдов трактори, 3 та бульдозер ва 3 та эксковатордан иборат ўндан зиёд юқори унумли техникалар сафарбар этилган. Ҳозиргача улар ёрдамида 120 гектардан ортиқ майдон шудгорланиб, 2.1 километр зовур ва 2 километр суғориш тармоқлари тозаланган.

Туманнинг “Наврўз” овул фуқаролар йиғини ҳудидидаги 10 гектар майдонда “Сирдарё боғи” барпо қилиш ишлари бошлаб юборилди. Вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгаши Раиси Мурат Камалов боғнинг рамзий илк кўчатларни ўтқазишди.

Бугунга қадар вилоятдан ташриф буюрган 6 нафар ташаббускор тадбиркор туман Давлат хизматлари марказида рўйхатдан ўтказилди. Ташриф давомида вилоят ҳокими тадбиркорларнинг янги лойиҳалари тақдимоти билан танишди.

Биргина, “Сирдарё Мега Люкс” МЧЖ томонидан тумандаги 7 гектар ер майдонида 21 миллион АҚШ доллари қийматидаги пистани қайта ишлаш ва ёғ маҳсулотларини ишлаб чиқариш корхонаси ҳамда 60 ўринли тикувчилик фабрикаси ташкил қилинади.

“Қосжап” овул фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган собиқ 22-сонли умумтаълим мактаби биносини тўлиқ реконструкция қилиб, мактабгача таълим муассасаси, хизмат кўрсатиш шохобчалари ва ёшлар гузари фаолияти йўлга қўйилади.

Ташриф асносида туман аҳолиси билан учрашув бўлиб ўтди. Мутасаддилар фуқароларнинг, айниқса, ишсиз ёшларнинг таклиф ва мулоҳазаларини тинглашди. Сирдарёлик ва қорақалпоғистонлик кўзга кўринган шоир, ёзувчи ва бошқа илм-фан, маданият ходимлари иштирокида “Инсон қадри учун” шиори остида “Сирдарё маданияти куни” ўтказилди.

1000 нафар кам таъминланган оилалар, “Аёллар дафтари”даги хотин-қизлар, боқувчисини йўқотганлар, ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган фуқароларга янги йил совғалари топширилди.

Сирдарё рақамларда
Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш