Сешанба, 27 Апрель 2021, 13:07:58
Ҳаво ҳарорати :
eye Кўзи ожизлар учун
Республика ишчи гуруҳи: Сирдарёда намунали АЁҚШларни аниқлашда шошиб қолдик...
Ёқилғи қуйиш шохобчаси — автомобил бакини ёқилғига тўлдириб олиш баробарида яна бир қанча хизматлардан фойдаланиладиган маскан ҳисобланади. Мисол учун, йўлимизда бемалол давом этишимиз учун ғилдиракларни дамлаш, машина ойналарини ювиш ёки дўкондан маҳсулот харид қилиш ва энг муҳими санитар-гигиеник хоналар каби хизматлардан фойдаланса бўлади.

Мамлакатимизда фаолият юритиб келаётган ёқилғи қуйиш шохобчаларида йўловчиларга хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш мақсадида бир қанча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, қарор ва фармонлар қабул қилинган.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, республика ва ҳудудий ишчи гуруҳ аъзолари томонидан жорий йилнинг 22-24 ноябр кунлари вилоятнинг Мирзаобод, Сайхунобод, Оқолтин, Гулистон, Сардоба, Сирдарё туманлари ва Гулистон шаҳрида жойлашган 20 га яқин автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаларида ўрганишлар олиб борилди. Ўрганишлар якунига кўра 5 та ёқилғи қуйиш шохобчасида хизмат кўрсатиш талаб даражасида эмаслиги туфайли фаолиятини қисқа муддатга тўхтатиш чоралари кўрилди.

Аҳоли ва сайёҳларга қўшимча хизмат кўрсатиш борасидаги фаолиятини намунавий тарзда йўлга қўйган ёқилғи қуйиш шохобчалари раҳбарлари эътироф этилди. 

Бугун вилоят мусиқали драма театрида ўрганиш якунлари ва энг намунали ёқилғи қуйиш шохобчалари раҳбарларини тақдирлаш мақсадида тантанали тадбир дастури бўлиб ўтди.

- Республикамизда 4 мингдан зиёд ёқилғи қуйиш шохобчаси мавжуд бўлса, шундан 105 таси Сирдарё вилоятига тўғри келади. Ўрганишларимиз давомида вилоятда энг яхши ёқилғи қуйиш шохобчаларини саралаш бироз қийин бўлди. Сабаби, мавжуд шохобчаларнинг деярли барчасида аҳолига қўшимча хизмат кўрсатиш юқори даражада йўлга қўйилган, - деди республика ишчи гуруҳ раҳбари Муҳайё Хайитова. 

Ютуқлар билан биргаликда бир қанча камчиликлар борлиги ҳам таъкидланди. Жумладан, Оқолтин тумани М39 автомагистрал йўл бўйида жойлашган "Мега транс оил" МЧЖга қарашли ёқилғи қуйиш шохобчасидаги санитария-гигиеник ҳолат жуда ачинарли эканлиги қайд этилди.

Сирдарё вилояти пойтахт билан бошқа вилоятларни боғлаб турувчи кўприк вазифасини бажарар экан, бундай салбий ҳолатларга йўл қўймаслик, мавжуд камчиликларни тез фурсатда бартараф этиш бўйича тавсия ва кўрсатмалар берилди.

Тадбирда сўз олган вилоят ҳокими ўринбосари Шохруҳ Исакулов ишчи гуруҳга ўз миннатдорчилигини билдирар экан, аввалги йиллардаги ўрганиш ва мониторинг ишлари натижасида ёқилғи қуйиш шохобчаларида аҳолига хизмат кўрсатиш ҳамда қўшимча хизматлар сифати анча яхшиланиб бораётганлиги ва бунда ҳудудий ишчи гуруҳларнинг ўрни аҳамиятли эканлигини қайд этди.

Якунда вилоят бўйича фаолияти намунавий деб топилган АГТКС, АГҚС, АЁҚШ раҳбарлари диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар. Унга кўра:

  • “Политех Сирдарё МЧЖ” – “Энг яхши АЁҚШ” (Автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаcи);
  • “Давр оша МЧЖ” – “Энг яхши АГТКС” (Автомобилларга газ қуйиш шохобчаcи);
  • “Асил бойлик МЧЖ” – “Энг яхши АГҚС (Автомобилларга пропан тўлдириш компрессор шохобчаcи) деб топилди.

Санъат усталари иштирокидаги чиқишлар, улар ижро этган куй-қўшиқлар ва рақслар тақдирлаш маросимига янада тантанаворлик бағишлади.

Сирдарё рақамларда
Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш