Сешанба, 27 Апрель 2021, 13:07:58
Ҳаво ҳарорати +0.2C°
eye Кўзи ожизлар учун
Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
Гулистон туманида қиймати 1,2 миллиард сўмлик тикув фабрикаси иш бошлади
Юртимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида тадбиркорлик йўналиши алоҳида ўрин тутади. Соҳани янада ривожлантириш мақсадида Президентимиз томонидан кўплаб фармон ва қарорлар қабул қилиниб, тадбиркорларга кенг имкониятлар яратилмоқда.

Ўз навбатида ишбилармонлар фаолиятини кенгайтириш орқали мўмай даромад топибгина қолмай, янги иш ўринлари яратиб, аҳоли бандлигини таъминлашга ҳисса қўшаяпти. Буни Гулистон туманидаги “MISS MILEDI” корхонаси мисолида ҳам кўришимиз мумкин.

Наргиза Маллабоева берилаётган имкониятлардан унумли фойдаланиб, 2020 йилда 2 миллиард 900 миллион сўм маблағ ҳисобига туманнинг “Ибрат” маҳалласида “MISS MILEDI” маъсулияти чекланган жамиятини ташкил этиб, тикув трикотаж маҳсулотларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйди. Шу орқали 160 нафар хотин-қизларни муқим иш билан таъминлади. Фабрика йилига 6 миллиард 100 миллион сўмлик 168 минг дона кийим-кечак ишлаб чиқариш қувватига эга. Маҳсулотлар “MISS MILEDI” бренди остида Россия ва Қозоғистон давлатларига экспорт қилинмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг “Маҳаллаларда тадбиркорликни янада қўллаб-қувватлаш ва тадбиркорлик субъектлари билан аҳоли ўртасида кооперацияни ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан “Лидер тадбиркор” лойиҳаси жорий этилиши кўплаб ишбилармонлар қатори Н.Маллабоевага ҳам қўл келди. У фаолиятини кенгайтириб, ишсиз аҳоли кўп бўлган маҳаллада корхона филиалини очиш таклифи билан чиқди.

Бугун туманнинг “Олтин водий” маҳалласида лойиҳа қиймати 1 миллиард 200 миллион сўм бўлган “MISS MILEDI” корхонаси филиалининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Ҳозирда филиалга 600 миллион сўмлик тикув машиналари ва бошқа ускуналар олиб келиб ўрнатилган. Келгусида яна 400 миллион сўмлик ускуналар келтирилиши режалаштирилган. 

Маҳаллада бугунги кунда 2324 нафар аҳоли истиқомат қилади. Шундан 1150 нафари аёллардан иборат бўлиб, уларнинг 116 нафари “Аёллар дафтари”га киритилган. Филиал ишга тушиши асносида маҳалладаги 80 нафар хотин-қиз доимий ишга эга бўлди. 

Очилиш маросимида вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев иштирок этиб, Муҳтарам Президентимиз бошчилигида олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида тадбиркорлик субъектлари эмин-эркин фаолият юритиб, нафақат ички бозорни сифатли маҳсулотлар билан таъминлаш, балки, ишлаб чиқараётган экспортбоп маҳсулотлари дунё бозорида ҳам ўз ўринини эгаллаётганлиги хусусида тўхталиб ўтди. Шунингдек, бугунги кундаги долзарб масала – янги иш ўринлари яратишга муносиб ҳисса қўшаётган мазкур филиал ташаббускорларининг келгуси ишларига муваффақият тилади. Ўз навбатида маҳалла аҳолисини қутлади.

Сирдарё рақамларда
Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш