Сешанба, 27 Апрель 2021, 13:07:58
Ҳаво ҳарорати :
eye Кўзи ожизлар учун
Ғофуржон Мирзаев: "Мораторийга қарамасдан дарахтларни кесиб, экишга келганда тебранмайдиган масъуллар ҳеч кимга керак эмас"
Давлатимиз раҳбари раислигида жорий йил 2 ноябрь куни ўтказилган йиғилишда берилган топшириқлардан келиб чиқиб, жойларда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси амалга оширилиши барчани бирдек ташвишга солаётган иқлим ўзгаришларининг олдини олиш, атрофни кўкаламзорлаштириш, энг асосийси — она табиатни асрашга қаратилгани билан ҳам аҳамиятлидир.

Сирдарё вилоятида ҳам мазкур долзарб тадбирни юқори савияда ўтказиш мақсадида барча зарурий чоралар кўрилмоқда. Биргина Гулистон туманида жорий йил куз мавсумида 618 минг туп кўчат ўтқазиш режалаштирилган бўлиб, ҳозиргача  377 мингдан ортиқ турли манзарали кўчатлар экилган.

Бугун вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев туманда амалга оширилаётган ишларни кўздан кечириш асносида “Сойибобод” ва “Мевазор” маҳаллаларида “Яшил Ўзбекистоним – боғ-у бўстоним” шиори остида ўтказилаётган кўчат экиш тадбирида қатнашди. Кўчат ўтқазиш давомида вилоят раҳбари нуронийлар билан суҳбатлашди. 

– Ноябрь ойининг дастлабки кунларида бўлиб ўтган қум бўронига барчамиз гувоҳ бўлдик. Автомобиллар ойналари қум, чанг билан қопланган, кўчаларда оғир сукунат. Инсониятнинг атроф-муҳитга ваҳшийона муносабати сабаб табиат қасд олишга ўтмадимикан, деган фикр ҳар биримизни ўйлантириши керак, – деди вилоят раҳбари. – Баъзи жойларда кўчатлар номига тиқиб қўйилган. Ниҳолни ундай тарзда экиш ярамайди. Қандай қилиб шу ҳолда кўчатларни кўкартириш мумкин. Бундай кўзбўямачиликларга барҳам беришда сиз-у биз ўрнак бўлишимиз лозим. 

“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида нафақат маҳалла кўчаларига, балки, автомобиль йўли бўйларига, ижтимоий соҳа объектлари ва ташкилотлар ҳудудларига ҳам тартибли равишда кўчат ўтқазиш, бунда, аввало, уларни суғориш тизимини тўғри йўлга қўйиш юзасидан аниқ топшириқ ва кўрсатмалар берилди.

Жамоатчилик назорати ҳозирги ижтимоий тараққиётнинг муҳим тенденцияси десак ўринли бўлади. Боиси, жамоатчилик назоратининг катта самара бераётганлигини ижтимоий тармоқлар воситасида кўриб турибмиз. Вилоят ҳокими “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида ҳам доимий ва қатъий жамоатчилик назорати ўрнатиш зарурлигини қайд этди.

– Мораторийга қарамасдан дарахтларни кесиб, экишга келганда тебранмайдиган масъуллар ҳеч кимга керак эмас, – деди Ғофуржон Мирзаев.

Сирдарё рақамларда
Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш