Сешанба, 27 Апрель 2021, 13:07:58
Ҳаво ҳарорати :
eye Кўзи ожизлар учун
Сирдарёда Президент мактаби ўз фаолиятини бошлади
Бугун Сирдарё вилоятида Президент мактабининг очилиш маросими бўлди. Унда давлат ва нодавлат ташкилотлари раҳбарлари, Президент мактаби педагоглари ва ўқувчилари, нуронийлар ва ўқувчиларнинг ота-оналари, кенг жамоатчилик вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.

Ушбу мактабнинг ўқитувчи ва ўқувчилардан иборат жамоаси жорий йилнинг май-август ойларида шакллантирилди. Жорий йил мактабда 144 нафар ўқувчи таҳсил олишни бошлади. Келгуси йилдан бешинчи синфларга яна 24 нафар ўқувчи қабул қилиниб, умумий 168 нафар ўғил-қизлар таълим олишади. Уларга кўп босқичли синовлар асосида саралаб олинган 21 нафар маҳаллий ҳамда 11 нафар хорижлик ўқитувчи таълим беради. Дарслар ҳар бир фан таснифига қараб жиҳозланган синфхоналарида Кембриж ўқув дастури асосида ўтилади. 

Муҳташам маскан Гулистон шаҳрининг марказида жойлашган. Икки гектар майдонни эгаллаган мактаб қурилишида илғор архитектура технологияларидан фойдаланилган. Бинони пардозлаш ишларида қўлланилган бўёқлар ранги болаларга  руҳий тетиклик, кейинги машғулотларга мотивация берса, қурилиш материаллари таркиби қишнинг совуғи ва ёзнинг жазирамасидан ҳимоя қилиш хусусиятларига эга.

Тадбирда вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев сўзга чиқиб, муҳтарам Президентимизнинг таълим тизимида илғор технологияларни қўллаган ҳолда ўқувчиларни ўқитиш ва тарбиялаш, истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш, маънан етук ва интеллектуал жиҳатдан баркамол авлодни шакллантириш борасидаги фидойиликлари хусусида атрофлича фикр-мулоҳазаларини билдирди.

–Юртимизда “Янги Ўзбекистон – мактаб остонасидан бошланади” ғояси остида олиб борилаётган ислоҳотлар ўз самарасини бермоқда, –деди вилоят ҳокими. –Давлатимиз раҳбари ташаббуслари билан таълим соҳасида янги тизимнинг жорий этилиши, ўғил-қизларимизга янада изланишга, чуқур билим олишга туртки бўлса, сиз-у бизга яратилаётган имконият ва шарт-шароитлардан тўғри фойдаланиб, бор эътиборимизни ёш авлоднинг баркамол, ҳар томонлама етук, ватанига содиқ комил инсон этиб тарбиялашга қаратишни тақозо этади. Таниқли маърифатпарвар Абдулла Авлонийнинг “Тарбия биз учун ё ҳаёт - ё мамот, ё нажот - ё ҳалокат, ё саодат - ё фалокат масаласидир” деган чуқур  маъноли сўзлари барчамизга бош шиорга айланиши лозим.

Президент мактабининг очилиш маросимида Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлигининг раҳбари Ҳилола Умарова иштирок этиб, мактаб жамоаси ва ўқувчиларни табриклади.

Сирдарё рақамларда
Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш