Сешанба, 27 Апрель 2021, 13:07:58
Ҳаво ҳарорати :
eye Кўзи ожизлар учун
Сирдарёда «Йил аёли-2021» танловининг вилоят босқичи ғолиблари аниқланди
Мамлакатимизда иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётнинг барча жабҳаларида хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш, бандлигини таъминлашга ҳар томонлама кўмаклашиш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, жойларда «Аёллар дафтари»ни шакллантириш ва унга киритилган хотин-қизлар муаммолари, эҳтиёжлари ва қизиқишларини тизимли ўрганиш, таҳлил қилиш ва ҳал этиш борасидаги ишларни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Президентимизнинг жорий йил 5 мартдаги «Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори бу борадаги ишлар самарадорлигини янада оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Хотин-қизларга қаратилаётган юксак эътибор натижасида уларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги роли тобора ортмоқда. Давлатимиз раҳбари «Ҳозирги вақтда хонадонларимизнинг файзу фариштаси бўлган, фарзандларимизни баркамол инсонлар этиб тарбиялашга муносиб ҳисса қўшаётган аёлларимиз барча ислоҳотларимизда фаол иштирок этмоқдалар. Ҳурматли оналаримиз, опа-сингилларимизга доимий эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш Ўзбекистонда олиб борилаётган давлат сиёсатининг узвий қисми бўлиб келаётгани сизларга яхши маълум», деган эди.

Хотин-қизларни ҳар томонлома қўллаб-қувватлаш мақсадида яратилган «Аёллар дафтари» орқали Сирдарё вилоятида 33 минг 22 нафар аёлга моддий-маънавий, ҳуқуқий, психологик ёрдам кўрсатилди. Шу жумладан 2 минг 717 нафарига ўзларининг тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиши учун 37 миллиард сўмдан зиёд кредит ажратилди. «Аёллар дафтари» жамғармасидан хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга 7,5 миллиард сўмдан зиёд маблағ берилди.

«Йил аёли» танловини ўтказишдан мақсад мамлакатимиз ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган, юксак маънавиятли, оилада ва фарзанд тарбиясида ибрат, ўзлари фаолият кўрсатаётган ташкилотлар нуфузини оширишда фаол иштирок этаётган турли соҳа эгалари бўлган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, илғор тажрибаларини оммалаштиришдан иборат.

«Йил аёли-2021» танловининг туман ва шаҳар босқичлари жорий йилнинг 2-6 ноябрь кунлари ўтказилиб, унда 500 нафар хотин-қиз иштирок этди. Муайян бир соҳада кўп йиллар самарали меҳнат қилганлиги, изланувчанлиги, эришган ютуқлари, ташаббуслари инобатга олинган ҳолда аниқланган 11 нафар номзод вилоят босқичида иштирок этиш учун тавсия этилди.

Бугун танловнинг вилоят босқичи бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев қатнашди ва нутқ сўзлади.

- «Бугунги кунда вилоятимизда хотин-қизлар ўзининг билим ва тажрибаси, профессионал малакаси ва маҳорати билан кўпгина жабҳаларда етакчи мавқеларни эгаллаб келмоқда. Ҳаётимизда тобора катта ўрин олаётган фермерлик ҳаракати, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, юқори технологияларга acосланган замонавий тармоқлар, илму фан, тиббиёт, таълим-тарбия, маданият ва санъат каби ўнлаб муҳим соҳа ва тармоқлар ривожини аёлларнинг иштирокисиз тасаввур этиб бўлмайди», - деди вилоят раҳбари.

Танловнинг вилоят босқичида Ирода Исакова (Мирзаобод тумани) биринчи, Феруза Турдибоева (Ховос тумани) иккинчи, Назира Мираширова (Гулистон тумани) учинчи ўринни эгаллади. Шунингдек, “Йилнинг энг ватанпарвар аёли”, “Йилнинг энг илғор тадбиркор аёли”, “Йилнинг энг яхши ижодкор аёли”, “Ўз касбининг устаси бўлган йил аёли”,“Йилнинг энг кучли маънавий-маърифий тарғиботчиси”, “Йилнинг энг жонкуяр устози”, “Йилнинг энг фаол соғлом турмуш тарзи ташкилотчиси”, “Йилнинг энг янги ғоялар ташаббускори” номинациялари бўйича ғолиблар аниқланди.

Танлов ғолибларига ташкилотчилар томонидан диплом ва қимматбаҳо совғалар топширилди. Санъат усталарининг концерт дастури тадбирга ўзгача шукуҳ бағишлади.

Сирдарё рақамларда
Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш