Сешанба, 27 Апрель 2021, 13:07:58
Ҳаво ҳарорати :
eye Кўзи ожизлар учун
Ғофуржон Мирзаев Янгиерда тиббий хизмат сифатини ўрганди. Шаҳарда нефрология ва гемодиализ бўлими иш бошлайди
Рўёбга чиқарилаётган ҳар бир амаллар, аввало, инсон қадри учун хизмат қилаётган мустақил юртимизда аҳоли саломатлигига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, сўнгги беш йилда тиббиёт соҳасида изчил ислоҳотлар амалга оширилиб, беморларнинг шифо топишлари учун ҳам, уларни даволовчи шифокорлар учун ҳам қулай шарт-шароитлар яратилаяпти. Жорий йилнинг номланишида бунга урғу берилгани бежиз эмас.

Тиббиётни янада ривожлантириш, тизимга замонавий технологияларни олиб кириш, умуман, соҳани тубдан ислоҳ қилишда муҳтарам Президентимиз топшириқлари асосида Сирдарё вилоятида олиб борилаётган тажриба-синов ишлари мутасаддиларга улкан масъулият юклаши билан бир қаторда аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиб, ўз соғликларига бефарқ бўлмасликни ўргатишни янада кучайтиришни тақозо этади. 

Бугун вилоят ҳокими, 1-сектор раҳбари Ғофуржон Мирзаев Янгиер шаҳар тиббиёт бирлашмасида бўлиб, бу ерда амалга оширилаётган янгиликлар, шифокорларнинг фаолияти билан танишди. Беморлар ҳолидан хабар олди.

Тиббиёт бирлашмасида 85 нафар шифокор мутахассислар, 535 нафар ўрта тиббиёт ходимлари фаолият кўрсатади. Янгиер шаҳри ҳамда қўшни туманлар аҳолисига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш мақсадида бирлашмада нефрология ва гемодиализ бўлими ташкил этилди. Бўлимда 1 млрд сўмлик таъмирлаш ишлари якунига етказилиб, Германия давлатидан замонавий “B Braun Dialog+” гемодиализ аппаратлари ва бошқа тиббий асбоб-ускуналар ҳамда жиҳозларнинг бир қисми келтирилган. Ҳозирда тиббий асбоб-ускуналарнинг қолган қисмларини ҳам олиб келиб ўрнатиш ва бўлимнинг тўлиқ қувватда фаолият кўрсатишини таъминлаш тараддуди кўрилмоқда.

Гемодиализ – бу буйрак аппарати ёрдамида ярим ўтказувчан мембрана орқали қонни тозалаш жараёни. У буйрак етишмовчилиги, дори-дармон, алкогольдан заҳарланган одамлар учун зарур бўлиб, қондан токсинлар ва карбамидни фильтрлайди, ортиқча суюқликни йўқ қилади, электролитлар мувозанатини, қон босимини нормаллаштиради ва кислота-ишқор мувозанатини тиклайди.

Шунингдек, нефрология ва гемодиализ бўлимини малакали кадрлар сафини кенгайтириш учун 3 нафар врач мутахассис, 15 нафар ўрта тиббиёт ходими ва 5 нафар тиббий асбоб-ускуналар техниги мутахассисликка ўқитилиб, малакалари оширилди.

Жорий йилда шифохонада отолорингологик, урологик ва кўз касалликларини операция қилиш йўлга қўйилди. Йил давомида отолоринголог мутахассиси томонидан 3 та, офталмологлар томонидан 11 та, уролог шифокорлари томонидан  267 та малакали операциялар бажарилган.

Вилоят ҳокими ташриф давомида эътибордан четда қолаётган баъзи камчиликлар, беморларга хизмат кўрсатишда мавжуд муаммоларни зудлик билан бартараф этиш юзасидан мутасаддиларга қатъий кўрсатма ва топшириқлар берди.

Сирдарё рақамларда
Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш