Сешанба, 27 Апрель 2021, 13:07:58
Ҳаво ҳарорати :
eye Кўзи ожизлар учун
Сирдарёда 220 мегаваттли ИЭС қурилишига тамал тоши қўйилди
Юртимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётидаги ислоҳотлар самараси ўлароқ саноат, қурилиш, ишлаб чиқариш ва бошқа барча йўналишда катта ўзгаришлар, бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Бу эса ўз навбатида шунга яраша электр энергияси сарфини талаб этади.

Бугун Сирдарё вилояти ҳокими Ғофуржон Мирзаев айни энергетика саноатида кўп йиллик тажрибага эга бўлган Туркиянинг “Cengiz Enerji” компанияси бош директори Ахмет Дженгиз бошчилигидаги делегация билан учрашди.

Учрашувда вилоят ҳокими меҳмонларни вилоятимизда кўриб турганидан ҳурсанд эканлигини билдириб, қардош ўзбек ва турк халқлари ўртасидаги савдо-иқтисодий, ижтимоий-гуманитар соҳалардаги азалий алоқалар хусусида тўхталди.

– Айниқса, сўнги йилларда икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари янада ривожланиб, айниқса икки давлат раҳбарлари томонидан олиб борилаётган самарали ташқи сиёсат мисолида ҳам бунинг яққол далилини кўришимиз мумкин. – деди вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев. – Биргина 11-12 ноябрь кунлари Муҳтарам Президентимизнинг Туркия Республикасига расмий ташрифи чоғида икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари белгилаб олиниб, кўп қиррали муносабатларни, энг аввало, савдо, инвестициялар, “яшил” иқтисодиёт, рақамли технологиялар, транспорт ва коммуникациялар, маданий-гуманитар алмашинув соҳаларидаги алоқаларни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди. Бир қатор келишувларга эришилди.

Томонлар Ховос туманида қиймати 150 миллион долларлик 220 мегаватт қувватга эга бўлган иссиқлик электр станцияси қуриш лойиҳаси юзасидан музокаралар олиб боришди.

– Ҳақиқатдан ҳам икки давлатнинг дўстона алоқалари узоқ ўтмишга бориб тақалади, – деди Ахмет Дженгиз. – Бу алоқаларни янада мустаҳкамланишига ҳиссам қўшилаётганидан беҳад мамнунман. Келгусида янги лойиҳалар устида ҳам ҳамкорлигимизни давом эттирамиз, деган умиддаман.

Музокаралардан сўнг делегация аъзолари Ховос туманига ташриф буюришди. Туманнинг “Мустаққиллик” маҳалласи ҳудудида иссиқлик электр станцияси қурилишига тамал тоши қўйилди. Унда мутахассислар, нуроний ва ёшлар, кенг жамоатчилик вакиллари ҳамда ОАВлари иштирок этишди.

7 гектар ер майдонига қурилиши мўлжалланган иссиқлик электр станцияси ишга туширилиши билан 80 та иш ўрни яратилиши белгиланган. Қурилиш даврида эса 450 нафар ишчи кучидан фойдаланилади. ИЭС қурилиши 2022 йилнинг август ойига қадар тугатиш режа қилинган бўлиб, ишлаб чиқариладиган электр энергияси "Миллий энерго тизим"га уланади. ИЭСнинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 1,76 миллиард киловатт-соатни ташкил этади. Бунинг учун йиллик 385 миллион метр куб табиий газ талаб этилади. Одатий станцияларга нисбатан 150 миллион метр куб табиий газ тежалади. Демак, аҳолининг электр энергияга бўлган талаби тўлиқ таъминланиб, юкламаларнинг сезирарли равишда камайиши, туманнинг саноатини ривожлантиришда ҳам катта аҳамиятга эга бўлиши шубҳасиз.

Маълумот ўринида қайд этиб ўтиш керакки, “Cengiz Enerji” компанияси – инфраструктура, тоғ-кон ва энергетика саноати, темир йўл ҳамда автомобиль йўллари, кўприклар ва денгиз портлари қурилиши бўйича Туркиянинг энг етакчи компанияларидан бири ҳисобланади. “Cengiz Enerji” Туркия энергетика бозорида муҳим аҳамиятга эга бўлиб, 4 937 мегаватт электр энергияси ишлаб чиқариш қувватига эга.

Сирдарё рақамларда
Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш