Сешанба, 27 Апрель 2021, 13:07:58
Ҳаво ҳарорати :
eye Кўзи ожизлар учун
Сирдарёда тиббиёт ходимларининг касб байрамига бағишланган тантанали тадбир ташкил этилди
Ўзбекистонда ҳар йили ноябрнинг иккинчи якшанбаси тиббиёт ходимларининг касб байрами сифатида нишонланади. Сирдарё вилояти мусиқали драма театрида ушбу санага бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтди. Унда тиббиёт соҳаси фидойилари жам бўлишди.

Тадбир аввалида вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимиз соғлиқни сақлаш соҳаси ходимларига йўллаган байрам табриги ўқиб эшиттирди.

Тантанали тадбирда қайд этилганидек, сўнгги йилларда барча жабҳаларда бўлгани каби соғлиқни сақлаш тизимидаги улкан ислоҳотлар соҳа тараққиётида янги босқични бошлаб берди. Инсон қадрини улуғлаш, унинг ҳаётий манфаатларини таъминлаш учун, энг аввало, одамларнинг саломатлиги ва яшаш шароитини яхшилашга эътибор қаратилди. Муҳими, ушбу ўзгаришлар халқимиз ҳаётида акс этиши, уларда шукроналик кайфиятининг кучайишига хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Агар аҳоли саломатлиги муносиб ҳимояланса, жамиятда соғлом турмуш тарзи барқарор бўлса, бу тиббиёт ходимларининг энг катта ютуғидир. 

Шу боис ҳам муҳтарам Президентимизнинг ташаббуслари ва алоҳида қарорига мувофиқ вилоятимизда давлат тиббий суғуртаси тизимини жорий қилиш бўйича тажриба-синов лойиҳасини амалга ошириш ишлари бошланди.

Кафолатланган бепул тиббий ёрдам пакети асосида тиббий хизмат кўрсатишнинг янги модели ва муассасаларда шартномалар асосида тиббий хизматлар хариди жорий қилинди ҳамда Гулистон тиббиёт кластерининг 3 йиллик дастури ишлаб чиқилди.

Тиббиёт соҳасида асосий амалга оширилиши лозим бўлган тадбирлар касалликнинг асоратларини даволашга эмас, балки профилактика, соғлом турмуш тарзи, тўғри овқатланиш, жисмоний фаолликка қаратилди.

Вилоятдаги соғлиқни сақлаш муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, уларни тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш, дори воситалари таъминотига 2016 йилда 156 млрд. сўм ажратилган бўлса, бу кўрсаткич 2021 йилда 3 баробарга ортиб 475 млрд. сўмни ташкил этди.

Айниқса, дори воситалари ва тиббий буюмлар хариди учун ажратилган маблағлар 8 баробарга ортиб, 2021 йилда 27 млрд сўмни ташкил этди.

Бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатиш муассасаларида дори воситалари ва тиббий буюмлар учун аҳоли жон бошига ажратилган маблағлар миқдори сўнгги беш йилда 5 минг сўмдан 15 минг сўмга, яъни 3 баробарга оширилди.

Умумий амалиёт шифокори оилавий шифокорга айлантирилиб, уларнинг функция ва вазифалари аниқ белгиланиб, маҳаллабай тизимида ишлар йўлга қўйилди. Вилоят бўйича жами 236 та маҳаллаларда 421 татиббий бригадалар” фаолияти йўлга қўйилди. 

Вилоят аҳолисининг 98 фоизи тиббий кўрикдан ўтказилиб, тиббий кўрик натижаларига кўра саломатлик ва касалланиш кўрсаткичларига қараб 4 та гуруҳларга ажратилиб, соғломлаштириш тадбирлари олиб борилмоқда.

Соғлиқни сақлаш соҳасини рақамлаштириш, шу жумладан “электрон тиббий карта” тизимини жорий этиш мақсадида вилоят даволаш-профилактика муассасалари оптик толали тармоқ билан таъминланди.

Вилоятнинг барча бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида “Электрон поликлиника” тизими жорий этилди.

Барча тиббиёт муассасаларида IT-оператор ҳамширалар лавозимлари жорий қилиниб, 268 нафар ҳамширалар ушбу йўналишда фаолият олиб бормоқда, барчасининг компьютер саводхонлиги оширилди.

Телемедицина тизимини жорий қилиш орқали Республика ихтисослаштирилган марказлари билан ҳамкорликда юқори технологик даво муолажалари амалга оширилишиши йўлга қўйилди.

Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази вилоят филиалида юқори технологияли кардиожаррохлик амалиётлари муваффақиятли тарзда ўтказилмоқда.

2021 йилда вилоятда янги турдаги ва юқори технологияли тиббий хизматларни йўлга қўйиш мақсадида Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Сирдарё филиалига универсал ангиография аппарати ўрнатилди.

Ушбу аппаратда 410 нафар беморларда юқори технологик ташхислаш ва даволаш амалиётлари бажарилди. Шундан, 160 нафар беморда юрак коронар томирларни стентлаш амалиёти ўтказилди.

2021 йил якунига қадар Оқолтин  ва Сирдарё туман тиббиёт бирлашмаларида 1,1 млн АҚШ долларлик 34 турдаги тиббий ускуналар билан жиҳозланиб, Оқолтин туманлараро қўшма шикастланишлар ва ўткир қон-томир касалликлари маркази ташкил этилади.

Вилоятда 2017 йилда хусусий тиббиёт муассасалари 49 тани ташкил этган бўлса, ушбу кўрсаткич бугунги кунда 106 тани ташкил этади.

Тиббиёт ходимлари шарафланган тадбирда Нурулло Аббосхон қаламига мансуб "Инсон ўзинг..."спектакли ва ёш ижрочиларнинг концерт дастури намойиш этилди.

Тадбир якунида иш фаолиятида алоҳида ўрнак кўрсатган бир гуруҳ соҳа ходимлари вилоят ҳокимлигининг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Сирдарё рақамларда
Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш