Сешанба, 27 Апрель 2021, 13:07:58
Ҳаво ҳарорати :
eye Кўзи ожизлар учун
Ўқувчиларга вилоят ҳокими стипендияси топширилди

Фарзанд ўқимишли, билимли бўлиб улғайса, ота-онанинг энг катта орзуси рўёбга чиққан бўлади. Билимли бўлиш асносида ўз ватанига нафи тегадиган фарзандни вояга етказиш нафақат ота-она, балки, шу юртнинг ҳам асосий вазифаси ва мақсадидир.

Шу сабабли ҳам юртимизда ёшларни билимли, баркамол ва муносиб ворислар этиб вояга етказишда “Сифатли таълим – инсон капиталига сармоя” тамойили муҳим ҳисобланиши бежизга эмас.

Сирдарё вилоятида иқтидорли ўқувчи ёшларни қўллаб-қувватлаш орқали тенгқурларига намуна қилиб кўрсатиб, уларнинг ҳам қизиқишларини янада орттириш бўйича самарали усуллардан фойдаланилмоқда. Булардан бири вилоят ҳокими стипендиясидир.

Вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаевнинг тегишли қарори билан ўғил-қизларни умумтаълим фанларидан билим олишга бўлган иштиёқини ошириш, республика ва халқаро фан олимпиадаларига тайёрлаш бўйича вилоятдаги умумтаълим мактабларининг 9-, 10-, 11-синф ўқувчилари ўртасида “Энг билимдон ўқувчи” фанлар олимпиадаси жорий қилинган. Унга кўра мактаб, туман босқичларида сараланиб, олимпиаданинг вилоят босқичида биринчи ўринни қўлга киритган ўқувчиларга бир йил мобайнида вилоят ҳокимининг стипендияси тўлаб борилиши белгиланган.

Жорий йилнинг апрель ойида математика, физика, кимё, биология, инглиз тили ва информатика фанларидан “Энг билимдон ўқувчи” фанлар олимпиадаси ўтказилиб, ғолиблар аниқланган эди. 

Шу тариқа стипендия соҳибларига вилоят ҳокими фармойиши билан маҳаллий бюджет захира жамғармаси маблағлари ҳисобидан муайян тартибда белгиланган миқдорда вилоят ҳокими стипендияси бериш йўлга қўйилган. 

Умумтаълим мактабларида II чорак ўқиш кунлари бошланиши билан стипендиялар ўз эгаларига топширилди. Бу гал стипендия топшириш тантанали тарзда ўтказилди. Боиси, сафдошларининг рағбатлантирилишини, раҳбарлар ва мутасаддилар томонидан алоҳида эътироф этилаётганлигини кўриш ҳар бир ўқувчига янада яхши ўқишига, билим олишга даъват қилиши шубҳасиз. Тадбирда сўзга чиққанлар айни шу жиҳатлар хусусида фикр билдириб, ёшларга бундан-да юксак ютуқларга эришишларини, юрт корига ярайдиган баркамол авлод бўлиб вояга етишларини тилашди. 

Иқтидорли ёшлар тенгдошларига ўрнак бўлиб, муваффақиятларининг бардавом бўлиши учун тиришқоқлик билан билим олишмоқда. Вилоятда бундай рағбатлантириш, қўллаб-қувватлашга бу каби ўзига хос ёндошув ижобий самарасини бера бошлади. Бир сўз билан айтганда, муҳтарам Президентимиз вилоятга ва унинг аҳолисига “Сирдарё — тажрибаси, юртга, Ватанга садоқат намунаси” дея берган таърифларига монанд улкан янгиликлар амалга оширилаверади.

Сирдарё рақамларда
Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш