Сешанба, 27 Апрель 2021, 13:07:58
Ҳаво ҳарорати :
eye Кўзи ожизлар учун
Сирдарёда қайси касалликлардан энг кўп ўлим ҳолати қайд этилаётгани маълум қилинди
Сўнги йилларда аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдамини кўрсатиш, уни ўз вақтида ва юқори сифатли бўлишини таъминлаш масаласи республикамизда, қолаверса Сирдарё вилоятида ҳам долзарб ва кечиктириб бўлмас масалалардан бири бўлиб турибди. Чунки тиббий хизматда шошма-шошарлик кетмайди. Беморга илмий асосланган ҳолда ташхис қўйиш зарур. Бунда мутахассисдан билим ва тажриба талаб этилади. Аниқ ташхис эса касалликка чалинган беморни эрта босқичларда тузатиш, умр кўриш давомийлигини узайтириш имконини беради.

Сирдарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси тизимидаги 215 та тиббиёт муассасасида фаолият юритаётган ҳар бир шифокорга касалликларга мойил бўлган аҳоли қатламини эрта босқичларда аниқлаб, даволашнинг энг мақбул, самарали усулларидан фойдаланган ҳолда даволаш изчиллик билан амалга оширилмоқда. Бугунги кунда вилоят аҳолисининг 29 фоизи, яъни, 245 минг 457 нафари 14 ёшгача бўлган болаларни ташкил этса, 17 ёшгача бўлган ўсмирлар 40 минг 627 нафар ёки 4,8 фоизига тўғри келади. Қолган 66 фоизи, яъни, 558 минг 627 нафари 18 ёш ва ундан катта ёшдаги фуқаролардир.

Кейинги пайтларда катта ёшли фуқаролар орасида юрак қон томир, сурункали холестерин, гипертония, эндокрин тизими ва бошқа хавфли касалликлар билан касалланиш кўрсаткичи кескин ошиб бормоқда. Ўлим кўрсаткичи ҳам айнан ана шу касалликка чалинган фуқаролар орасида кузатиляпти. Умумий касалланиш кўрсаткичининг 37,6 фоизини нафас олиш аъзолари тизимидаги хасталиклар ташкил этган бўлса, 10,5 фоизини қон ва қон яратиш аъзолари касалликлари, 9,4 фоизини овқат ҳазм қилиш аъзоларидаги муаммолар, 8,7 фоизини сийдик ва таносил аъзолари зарарланиши, 5,2 фоизини асаб тизими аъзолари касалликларига тўғри келади. Буларни бир қанча омиллар келтириб чиқаради. Асосан соғлом турмуш тарзига риоя қилмаслик, зарарли одатлар, спиртли ичимлик, тамаки маҳсулотлари ва жисмоний фаолликнинг йўқлиги сабаб бўлмоқда.

Шу боисдан ҳам, ўтган йили вилоятнинг 801 минг нафар аҳолиси тиббий хатловдан тўлиқ ўтказилди. Саломатлик кўрсаткичлари ҳисоблаб чиқилди. Унга биноан учта хавф гуруҳига ажратилди. Натижада 37 183 нафар фуқарода турли хил касалликлар аниқланиб, шундан, 18 079 нафари, яъни, 41 фоизини соғломлаштиришга эришилди. Бунда вилоятдаги 93 та бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида ишлаётган тиббиёт ходимларининг ҳиссаси катта бўлди.

Яна бир муҳим жиҳати, профилактик ва чуқурлаштирилган кўриклар ўрнига мақсадли скрининг дастури ҳамда тотал патронаж тизими ўрнига универсал-прогрессив патронаж тизимининг йўлга қўйилгани тизимга қўл келмоқда. Умумий амалиёт шифокорларга оилавий шифокор мақоми берилиб, уларнинг функцияси ва вазифалари такомиллаштирилди. “Маҳаллабай” ишлаш тизими жорий этилди. Вилоятдаги мавжуд 236 та маҳаллада истиқомат қилаётган фуқаролар 421 та “тиббий бригада” томонидан қамраб олинди. Улар томонидан ўрта ва юқори хавф гуруҳига мансуб аҳоли қатлами мунтазам назоратга олиниб, жойи келганда зарур тавсиялар бериб борилаяпти. Қолаверса, соғлом турмуш тарзи ва жисмоний фаолликнинг инсон саломатлигини асрашдаги ўрни хусусида тарғибот, ташвиқот тадбирлари ҳам доимий ўтказилаяпти.

Хабарларингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарорига мувофиқ Республикамизда Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси ташкил этилди. Тажриба-синов ишлари айнан Сирдарёда ўтказилаётгани қувонарли ҳолдир. Бунинг натижасида кафолатланган бепул тиббий ёрдам пакети асосида аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш тизими йўлга қўйилди. Янги модел асосида ва муассасаларда шартномага биноан тиббий хизматлар хариди жорий қилинди. Гулистон тиббиёт кластерининг 3 йиллик Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси ташкил этилиб, бизнес-режаси ишлаб чиқилди. 

Энг муҳими, бирламчи тиббий санитария муассасаларига бириктирилган аҳоли жон бошига ҳамда шифохоналарни даволанган ҳолатлар сони бўйича молиялаштириш тизими жорий этилди. Бу эса, тиббиёт муассасалари томонидан маблағларнинг мақсадли ва самарали сарфланишини доимий назорат қилиб бориш, қолаверса, бириктирилган аҳолининг электрон реестрини шакллантириш ва юритиш имконини бермоқда.

Сирдарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси тизимидаги муассасаларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, уларни тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш, дори воситалари билан таъминлаш мақсадида олдинги йилларга қараганда бир неча баробар кўп маблағ йўналтирилди.

Таҳлилларга кўра, ажратилган маблағ 2016 йилда 156,2 миллиард сўмни ташкил этган бўлса, бу кўрсаткич 2021 йилга келиб, уч баробарга ошди. Натижада соҳага давлат бюджетидан 475,7 миллиард сўм йўналтирилди. Айниқса, дори воситалари ва тиббий буюмлар хариди учун ажратилган маблағлар 8,3 баробарга ортиб, 2021 йилда 27,3 миллиард сўмни ташкил этди. Бундан ташқари, вилоятдаги оилавий шифокор пунктлари, оилавий поликлиникалар ва кўп тармоқли марказий поликлиникаларга 66 турдаги дори воситалари, антисептик воситалар ва сарфлов буюмлари учун 977,9 миллион сўм маблағ ажратилди. Бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатиш муассасаларида дори воситалари ва тиббий буюмлар учун аҳоли жон бошига ажратилган маблағлар миқдори 5 минг сўмдан 15 минг сўмга, яъни, 2017 йилга нисбатан 3 баробарга оширилди.

Муҳими, аҳоли саломатлиги. Соҳа ходимлари Муҳтарам Президентимиз раҳнамолиги ва ғамхўрлиги билан яратилаётган шарт-шароит, имкониятлардан унумли фойдаланиб, изчил изланишлар олиб боришмоқда. Инсон соғ-саломат бўлмас экан на ўзида, на рўзғорида ҳузур ҳаловат бўлмайди. Барака ҳам ўз ўзидан кетади. Шундай экан, аҳоли саломатлигини асраш, уларга муносиб тиббий хизмат кўрсатиш масаласи тиббиёт ходимларининг олдида турган долзарб ва кечиктириб бўлмас масала бўлиб қолаверади.

Рустам Юлдашев,
Сирдарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, тиббиёт фанлари доктори.

Сирдарё рақамларда
Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш