Сешанба, 27 Апрель 2021, 13:07:58
Ҳаво ҳарорати +15.9C°
eye Кўзи ожизлар учун
Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
Сирдарёда жорий йил 80 минг гектар майдонга бошоқли дон экилади
Аҳолининг нон ва нон маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини тўлиқ қоплашда бошоқли бош экинларининг ўрни беқиёс. Бошоқли дон экинларидан мўл ҳосил етиштириш муҳим аҳамиятга эга эканлигини яхши англаган сирдарёлик миришкор деҳқонлар барака уруғини қадаш билан боғлиқ агротехник тадбирларни ўз вақтида маромига етказиб бажаришга киришган.

Вилоятда 80 минг гектар майдонга бошоқли дон экинлари экиш режалаштирилган. Кузги бошоқли дон экинлари экиш жараёнида 43 дона сеялкалар ва 447 дона ғўза қатор орасига экиш учун культиватор мосламаларидан унумли фойдаланилмоқда.

Жорий йилнинг 11 октябрь ҳолатига вилоятда 53 минг 683 гектарга бошоқли дон экилди. Шундан Боёвут туманида 7 534 гектарга, Гулистонда 4 706 гектарга, Мирзаободда 1 889 гектарга, Оқолтинда 9 911 гектарга, Сардобада 9 117 гектарга, Сайхунободда 8 097 гектарга, Сирдарёда 5 762 гектарга ва Ховос туманида 6 667 гектар ер майдонига бошоқли дон экинлари экилди. 

Жумладан, 2022 йил ҳосили учун Сардоба туманида 12 минг 500 гектар, шундан 5 минг очиқ майдон ва 7 минг 500 гектар ғўза қатор орасига буғдойнинг “Алексеич”, “Андижон 4”, “Бобур”, “Зимница”, “Звезда” сингари серҳосил сифат кўрсаткичлари юқори бўлган навлар жойлаштирилган.

Туманда 12 минг 500 гектар майдонга экиладиган бошоқли дон экинларини ўз вақтида ва сифатли экишни таъминлаш мақсадида мутасадди ташкилотлар томонидан мониторинг-таҳлил тадбирлари ўтказилиб, амалий кўмак берилаяпти. Бу жараёнларда 1 та замонавий селяка ҳамда 52 дона ғўза қатор ораларига ғалла экувчи мосламалардан фойдаланилмоқда. 

Замонавий сеялкалар билан экилганда ҳар гектар ерга 160-180 килограмм уруғ сарфланади. Оддий сеялкалар билан экилганда гектарига 50 килограмм кўп уруғ сарфланиши инобатга олинса, уруғни иқтисод қилиши эвазига харажатлар камаяди. Шунингдек, замонавий сеялкалар бир вақтнинг ўзида жўяк олиш, ўғитлаш ва экиш сингари вазифаларни бажаради. Бундай усулда уруғ ерга бир хил чуқурликда тушади ва бир текис униб чиқади.

Ўз навбатида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш Инспекцияси Сардоба туман бўлими томонидан бошоқли дон экинларини оқилона жойлаштириш ва барча талабларга тўлиқ риоя қилиниши юзасидан мониторинг-таҳлил тадбирлари ўтказилмоқда.

Шу мақсадда, тумандаги кластер корхоналари, фермер хўжаликлари раҳбарлари ва ҳамкор ташкилотлар иштирокида амалий-кўргазмали семинарлар ўтказилди. Унда, кузги бошоқли дон экинларини ҳудудлар иқлим шароитидан келиб чиққан ҳолда жойлаштириш, ғаллани экиш жараёнида замонавий сеялкалардан фойдаланиш аҳамиятлари хусусида маълумотлар берилди.

Жорий йилда туманда уруғни барвақт сепиш ва агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли бажариш эвазига ҳосилдорликни гектарига 10-15 центнерга кўтариш мўлжалланмоқда.

Сирдарё рақамларда
Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш