Сешанба, 27 Апрель 2021, 13:07:58
Ҳаво ҳарорати :
eye Кўзи ожизлар учун
Сирдарё – Саха: Ўзаро манфаатли ҳамкорлик янада кенгаймоқда

Сирдарё вилояти ҳокими ўринбосари Дониёр Мадримов бошчилигидаги бир қатор сирдарёлик ишбилармон доира вакилларидан иборат делегациянинг Россия Федерацияси таркибидаги Саха Республикасига сафари ҳақида дастлабки маълумотларни берган эдик.

Делегациянинг Сахага амалга оширган уч кунлик сафари мобайнида икки томон ишбилармон доиралар ўртасида кўплаб иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳужжатлар ва келишувлар имзоланди.  

Делегация аъзоларининг терини қайта ишлашдан тортиб, ҳунармандчилик буюмлари, аёллар ва эркаклар либослари, турли хилдаги пойабзаллар ишлаб чиқарувчи “Сахабулт” АЖ фаолияти билан танишуви давомида Сирдарё туманидан ўтувчи “Тошкент-Термиз” М39 йўли атрофида ушбу корхонанинг савдо дўкони ва ярим тайёр маҳсулотларни қайта ишлашга ихтисослашган филиалини ташкил қилиш бўйича келишувга эришилди.

“КЕРЕ” тикувчилик фабрикасида бўлган сирдарёликлар вилоятимизда фаолият юритувчи “Рекорд текстил” МЧЖ билан ҳамкорликда Якутск шаҳрида савдо уйи очишга келишиб, масъулияти чекланган жамият томонидан етказиб бериладиган ярим тайёр маҳсулотлардан тайёр трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича ҳамкорлик алоқалари ўрнатилди.

Шунингдек, “Саюри” иссиқхона комплекси фаолияти билан танишган делегация аъзолари комплекс масъуллари билан ўзаро тажриба алмашиб, соҳада эришилаётган ютуқлар ва тизимни янада ривожлантириш йўлида қўланилаётган технологиялар бўйича ўртоқлашди.

Сафар якуни билан вилоят делегацияси Саха Республикаси Бош вазири ҳамда турли вазирлик ва идоралар раҳбарлари билан учрашди, икки томонлама олиб борилган музокаралар ва имзоланган шартномаларни амалга ошириш юзасидан якуний учрашув баёни имзоланди.

Шу тариқа Саха Республикасига ташрифни якунлаган вилоят делегацияси Россия Федерацияси Новосибирск ўлкасига йўл олишди.

Сафар тафсилотлари ҳақида хабар бериб борамиз.

Сирдарё рақамларда
Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш