Сешанба, 27 Апрель 2021, 13:07:58
Ҳаво ҳарорати :
eye Кўзи ожизлар учун
Сайловолди ташвиқотлари ва аккредитация масалалари кўрилди
Тошкент шаҳридаги Симпозиумлар саройида Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги йиғилишида 8-Сирдарё округ сайлов комиссияси аъзолари  ва бир гуруҳ ОАВ вакиллари ЗООМ орқали иштирок этдилар.

Кун тартибида Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг сайловолди ташвиқоти тўғрисида, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатларлардан қатнашадиган кузатувчиларни аккредитация қилиш, Оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказиш масалалари кўрилди.

Марказий сайлов комиссиясининг котиби Худоёр Маматов Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг сайловолди ташвиқоти тўғрисида батафсил тушунчалар берди.

Cайлов жараёнидаги ҳар қандай фаолиятни, шу жумладан сайловга оид тарғибот тадбирларини, сайловчиларни овоз бериш куни ва жойи ҳақида хабардор қилувчи ахборотларни сайловолди ташвиқоти деб қараш мумкин эмас. Фақат сайловчиларни номзодни ёқлаб овоз беришга чорловчи тадбирлар сайловолди ташвиқоти саналади.

 Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар сайловолди ташвиқотини олиб бориш борасида тенг ҳуқуқларга эга. Номзод Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайланиши учун унинг номидан ишончли вакиллар сайловолди ташвиқотини олиб боришлари мумкин.

Сайловолди ташвиқоти - ОАВ, шу жумладан телевидение, радио, газета ва журналлар, умумий фойдаланишдаги ахборот-телекоммуникация тармоқлари, шу жумладан бутунжаҳон Интернет ахборот тармоғи орқали, босма, кўргазмали, аудиовизуал ва бошқа ташвиқот материалларини (плакатлар, варақалар ва бошқа материалларни) чоп этиш ҳамда тарқатиш, сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш орқали амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси ҳамда Марказий сайлов комиссиясининг 2021 йил 14 апрелдаги Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг сайловолди ташвиқотини олиб бориш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ Марказий сайлов комиссиясининг Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг сайловолди ташвиқоти тўғрисидаги қарори лойиҳаси тайёрланди.

Номзодларга давлат ва нодавлат ОАВда эфир вақти ёки чоп этиш майдони пулли асосда ҳам ажратилиши мумкин. Эфир вақти, чоп этиш майдони учун ОАВ томонидан белгиланадиган тўлов шартлари ва бошқа талаблар (тираж, эфирга бериладиган вақт, жой, шрифт ва ҳоказолар) барча номзодлар учун тенг ва бир хил бўлиши керак. Пулли эфир вақтини ёки чоп этиш майдонини ажратиш билан боғлиқ муносабатлар ОАВ ва сиёсий партиялар ўртасида тузиладиган шартнома асосида амалга оширилади.

Номзодлар ОАВда чоп этилган нотўғри ҳамда ўзининг шаъни ва қадр-қимматига ёки ишчанлик обрўсига путур етказган маълумотлар юзасидан раддия беришни таҳририятдан талаб қилишга ҳақли. Чоп этиш натижасида ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилган номзодлар ушбу ОАВда раддия ёки жавоб мақола чоп этишга ҳақли. Босма ОАВда раддия ОАВнинг навбатдаги сонида, жавоб пайдо бўлишига сабаб бўлган материал жойлаштирилган саҳифада эълон қилиниши керак. Электрон ОАВда раддия навбатдаги дастурда ёки кўрсатувда эфирга узатилиши керак. Номзодлар ОАВ раддияни, жавоб мақолани чоп этишдан бўйин товласа ёки чоп этишнинг белгиланган муддатини бузса, судга даъво аризаси билан мурожаат қилишга ҳақли.

Сайловолди ташвиқоти номзодларни рўйхатга олиш учун белгиланган охирги куннинг эртасидан эътиборан бошланади. Сайлов куни ва овоз беришга бир кун қолганида ташвиқотга йўл қўйилмайди. Бу қоидага асосан 23-24 октябрь кунлари сайловолди ташвиқотига йўл қўйилмайди.

Шунингдек йиғилишда Марказий сайлов комиссияси аъзолари Баҳодир Юнусов ва  Гулноза Исмаиловалар Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатларлардан қатнашадиган кузатувчиларни аккредитация қилиш; Оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказиш масалалари ҳақида сўзладилар.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи Ишлар вазирлигининг 2021 йил 13 сентябрдаги хати орқали ЕХХТ ДИИХБнинг 28 нафар узоқ муддатли кузатувчиларини аккредитациядан ўтказиш бўйича тегишли ҳужжатлар тақдим этилган. Кейинги ҳафта уларнинг Ўзбекистонга етиб келиши кутилмоқда.

Сайлов кампаниясига старт берилган кундан то бугунги кунга қадар Марказий сайлов комиссияси томонидан 882 нафар миллий ва 48 нафар хорижий, жами 930 нафар оммавий ахборот воситаларининг вакиллари аккредитациядан ўтказилди.

Йиғилишда сайловда ОАВ ходимлари асосий бўғин эканликлари,уларнинг зиммасида сайлов жараёнларини оммага тезкор ва холис  етказишдек ғоятда маъсулиятли вазифа  борлиги таъкидланди.

ЗООМ орқали йиғилишдан сўнг 8-Сирдарё округ сайлов комиссияси аъзолари Ўзбекистон Республикаси Президентлиги сайловига тайёргарликнинг бориши ҳақида фикрлашдилар.

Унда ўқув ва амалиёт машғулотларини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш бўйича 2-ишчи гуруҳ аъзоси Фахриддин Ниёзов, ижтимоий тармоқлар ва блогерлар билан ишлаш ва ҳамкорликни таъминлаш ҳамда ҳудудий матбуот маркази фаолиятига кўмаклашиш 4-ишчи гуруҳ раҳбари Азиз Эсанов, сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизими ва сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатини такомиллаштириш бўйича 3-ишчи гуруҳи аъзоси Алимджан Махаров, сайловда пондемия талабларига риоя этилишини таъминлаш бўйича 8-ишчи гуруҳи аъзоси Тоҳир Қурбонбоевлар ахборот бердилар.

8-Сирдарё округ сайлов комиссияси матбуот маркази

Сирдарё рақамларда
Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш