Сешанба, 27 Апрель 2021, 13:07:58
Ҳаво ҳарорати :
eye Кўзи ожизлар учун
Сирдарё вилоятида "Янги Ўзбекистонда эркин ва фаравон яшайлик" шиори остида "Уч авлод" учрашуви бўлиб ўтди
Уч авлод учрашуви – ёшларга хос куч-ғайрат, ўрта ва кекса авлод вакилларининг бой ҳаёт мактаби бирлашган нуқта. Сирдарё вилояти бўйлаб ўтказилаётган тадбирларга Гулистон шаҳрида жойлашган “Билимдонлар маскани”да старт берилди. Кўтаринки руҳда бошланган тадбирда вилоятнинг барча ҳудудларидан 2 минг нафардан ортиқ иқтидорли, умидли ёшлар, кўп йиллик маҳоратга эга шижоатли ўрта ва кекса авлод вакиллари иштирок этишмоқда.

Бағрикенг, меҳмондўст юртимизда кўплаб миллат вакиллари аҳиллик, бирдамлик билан бир мақсад – жонажон Ватанимиз янада равнақ топишига муносиб ҳисса қўшишмоқда. 

Тадбирни очиб берган вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев ана шундай юртимиз ижтимоий-иқтисодий ривожланишига муносиб ҳисса қўшиб келаётган бир гуруҳ фаолларга "Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 30 йиллиги" эсдалик нишонларини тантанали равишда топширди.

-Мирзачўлни ўзлаштириш, обод қилишда заҳматкаш аждодларимиз мислсиз қаҳрамонлик кўрсатишган, - деди вилоят ҳокими. –Барча-барчамиз бирдам бўлиб, кўпни кўрган отахон, онахонларнинг насиҳат, ўгитларини олиб, дуолари билан бунёдкорликларни, ривожланишимизни янада юқори чўққиларга олиб чиқишимиз керак.

Тадбир доирасида фаоллар учун Гулистон шаҳри бўйлаб саёҳат уюштирилди. Унда иштирокчилар махсус сайёҳлик автобусида шаҳарнинг кўркига кўрк қўшаётган бунёдкорлик ишлари, умуман, кўпқаватли бинолар, муҳташам иншоотлар ва бошқа ўзгариш ҳамда янгиланишлар билан танишдилар. 

Ҳудудда кўпқаватли биноларни 4-5 қаватдан оширишнинг иложи йўқ, деган қарашларни қатъий рад этиб, кейинги тўрт-беш йил ичида замонавий тажрибалар асосида бунёд этилаётган 7-9 қаватли турар-жойлар барчанинг ҳайратига сабаб бўлгани шубҳасиз.

Тадбирнинг навбатдаги манзили бугунги кунда саноат, ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш каби муҳим соҳаларда пешқадам ҳудудга айланиб улгурган Сирдарё тумани бўлди. Туманнинг бундай самарали кўрсаткичлар билан нафақат Республикамиз, балки, хориж давлатларда ҳам ном қозонишида "Пенг Шенг", "Сирдарё Унерсал Ойна", "Сирдарё Мега люкс", "Wанг Да Гроуп" ва бошқа корхоналарнинг муносиб ҳиссаси бор.

Aнжуман қатнашчилари “Сирдарё Универсал Ойна” МЧЖ корхонаси фаолияти билан таништирилди. 2018 йилда иш бошлаган корхонанинг лойиҳа қиймати 50,16 млн доллар бўлиб, бугунги кунда 1200 нафардан зиёд фуқаронинг доимий бандлиги таъминланган. Бу ерда йилига 102 миллион дона фармасевтика ва озиқ-овқат шиша идишлари ишлаб чиқарилади. Муҳими, корхонанинг йўналиши Ўрта Осиёда ягона ҳисобланади. Шунингдек, маҳсулотлар экспорт қилиниши билан бирга ички бозор эҳтиёжини ҳам қопламоқда.

Иштирокчилар “Сирдарё Мега Лукс” масъулияти чекланган жамият шаклидаги Ўзбекистон-Россия қўшма корхонасида замон талабларига мос, юқори сифатли пропилен қоп ишлаб чиқарилишига гувоҳ бўлдилар. Корхона ўз фаолиятини 4 нафар ишчи билан бошлаган бўлса, ҳозирги кунга келиб корхонада 2 минг ишчилар мавжуд. Корхона иқтисодий барқарорлиги, ишлаб чиқариш салоҳияти, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини йилдан йилга ошириб бормоқда. Қўшма корхона ўз маҳсулотларини чет давлатларга экспорт қилиш ҳажми 2020 йилда 4,1 млн AҚШ долларини ташкил этган бўлса, бу кўрсатгич 2021 йилнинг бугунги кун ҳолатига 3,7 млн AҚШ долларига етди. Ҳозирги кунда корхонада ишлаётган 2 минг нафар ишчи ҳодимларининг 60 фоизи касб-ҳунар коллеж битирувчиларидир.

Сирдарё туманидаги "Пенг Шенг" қўшма корхонаси қошида қад рослаган Ўзбекистон-Хитой дўстлик боғида вилоятдаги барча туман-шаҳарларда аҳил, иноқ яшаб келаётган турли миллаларнинг бетакрор маданияти ва санъати, бугунги ҳаёти, турли соҳаларда муваффақиятли фаолият юритиб, улкан ютуқларга эришаётган халқимизнинг юксак марралари акс эттирилган кўргазма ва композициялар билан янада шукуҳли манзара пайдо бўлган.

Ўзбекистонда ҳукм сураётган миллатлараро тотувлик, ҳамжиҳатлик, бағрикенглик муҳити тадбир мазмун-моҳиятини намоён этадиган асосий йўналишлардан бири бўлди. Сирдарёда яшаётган юртимиз ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган турли миллат вакиллари томонидан намойиш этилган маданият ва анъаналар наъмуналари Ўзбекистонда ранг-баранг қадриятлар ўзаро уйғун ва ҳамоҳанг яшаётган бағрикенг диёр эканлиги яна бир бор исботини топди.

Жуда таъсирчан ва байрамона шукуҳда ўтказилган уч авлод учрашуви Ўзбекистон-Хитой дўстлик боғининг ўйингоҳида ташкиллаштирилган консерт дастури билан давом этди. Бағрикенг, кўпмиллатли юртимизда эмин-эркин, бир оиладек истеқомад қилаётган миллатларнинг миллий ҳамда жонажон Ватанимизни улуғловчи куй-қўшиқлар барчага бирдек манзур бўлди. Aйниқса, дастур сўнгида уюштирилган мушакбозлик ёшу қарининг ҳотирасида узоқ вақтгача сақланиб қоладиган бўлди.

Сирдарё рақамларда
Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш