Сешанба, 27 Апрель 2021, 13:07:58
Ҳаво ҳарорати :
eye Кўзи ожизлар учун
Сирдарёда "Жомиъ аҳком ас-сиғор" китобининг тақдимоти ўтказилди 
Сирдарё вилояти ҳокимлиги ҳамда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси ташаббуси билан мусулмон хуқуқшуноси, Уструшана - ҳозирги Жиззахдан етишиб чиққан буюк аллома Муҳаммад ибн Маҳмуд Уструшанийнинг "Жомиъ аҳком ас-сиғор" (Бола ҳуқуқлари кодекси) асарининг ўзбек тилидаги илк нашри тақдимоти бўлиб ўтди.

Унда  Марказ ва Халқаро ислом академияси олимлари, Гулистон Давлат университети талаба ва ўқитувчилари, вилоят ёзувчилар уюшмаси аъзолари, диний соҳа вакиллари  ҳамда ОАВ ходимлари  иштирок этишди.

 Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳамда Ўзбекистон халқаро ислом академияси томонидан ўзбек тилида нашр қилинган мазкур асар XIII асрда яратилган ва бола ҳуқуқлари борасидаги жаҳонда дастлабки мукаммал манба ҳисобланади. XIX асрга қадар бу каби махсус тўплам яратилмаган. Ғарб дунёсида 1804 йилда қабул қилинган Француз фуқаролик кодексида биринчи бор болалар ҳуқуқи масаласи қайд этилган бўлиб, ундаги жами 2281 модданинг 5 таси бола ҳуқуқларига тегишлидир. 1908 йилга келиб АҚШда "Ювенал ҳуқуқ" - бола ҳуқуқлари бўйича қонунчиликка асос солинган. Бу эса юртимиз алломалари Ғарб дунёсидан салкам 600 йил аввал ўз асарларида бола ҳуқуқларини мустаҳкамлаб қўйганини илмий асослайди. 

Уструшаний бола ҳуқуқларига оид 1289 та фатвони 45 та устувор масалага бўлган ҳолда таҳлил қилган. Ушбу китобда болаларнинг ахлоқий, ижтимоий, иқтисодий ҳуқуқларига доир 100 та долзарб масала бугунги кунга мос изоҳ  ва  шарҳлар билан баён қилинган. Асар содда ва халқчил, равон ва юқори илмий савияда ёзилгани билан ажралиб туради. Китобни тайёрлашга Халқаро ислом академияси, Ислом цивилизацияси маркази, Дин ишлари бўйича қўмита, Тошкент давлат шарқшунослик университети мутахассислари, мамлакатимизнинг етакчи исломшунос олимлари жалб этилди.

Тақдимот тадбирида сўзга чиққанлар асарнинг муҳим ижтимоий ва сиёсий томонларига батафсил тўхтаб ўтишди. Жумладан, Марказ матбуот хизмати раҳбари Ф.Муҳаммадиев асар умуминсоний аҳамиятга эга инсон ҳуқуқлари ҳақидаги ғоянинг илдизлари Ўзбекистон замини билан боғлиқ  эканлигини халқаро миқёсда тарғиб қилади ҳамда  Қадим Уструшана илмий-маданий марказида фаолият кўрсатган олимларнинг илмий меросига мутахассисларнинг эътиборини жалб этади, деган фикрни билдирди. 
  
Шарқшунослик институти катта ўқитувчиси М.Атаев Уструшаний алломанинг беқиёс асари жамиятимизда қарор топган ҳанафий мазҳабининг инсонпарварлик, бағрикенгликка асосланган мўътадил таълимотининг аҳамиятини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади, дея таъкидлади.

Дарҳақиқат, сўнгги йилларда Янги Ўзбекистонда буюк алломаларимиз илмий меросини ўрганиш ва кенг тарғиб этишга қаратилаётган эътибор амалга оширилаётган халқаро аҳамиятга эга ислоҳотларнинг амалий натижасидир.

Сирдарё рақамларда
Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш