Сешанба, 27 Апрель 2021, 13:07:58
Ҳаво ҳарорати :
eye Кўзи ожизлар учун
Йил якунига қадар Сирдарёда қиймати қарийб 178 миллиард сўмлик чорвачилик лойиҳаси амалга оширилади
Бугунги кунда мамлакатимизда чорва моллари ва паррандалар бош сонини ошириш, ветеринария назоратини кучайтириш ва ветеринария хизматлари сифатини ошириш, ҳайвонлар соғлигини ҳимоя қилиш, эпизоотик осойишталик ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Муҳтарам Президентимизнинг 2021 йил 3 мартдаги “Чорвачилик тармоқларини давлат томонидан янада қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори соҳани янги босқичга олиб чиқишда дастуриламал бўлди, десак муболаға бўлмайди.

Сирдарё туманидаги “Султон” наслчилик, сут ва гўшт фермер хўжалигида Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Бахром Норқобилов, вилоят ҳокими ўринбосари Авазхон Эргашев, туман ҳокими Ботиржон Мирзақулов, тижорат банклари вакиллари, худудлардаги чорвачилик, паррандачилик ва балиқчилик хўжаликлари раҳбарлари ва фермерлар иштирокида ўтказилган семинарда мазкур қарор ижроси муҳокама қилинди.

–Охирги беш йилда чорвачилик субъектлари сони уч баробар ошди, –дейди Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Б.Норқобилов. –Уларнинг фаолиятини янада ривожлантириш, соҳани сифат жиҳатидан яхшилаш муҳим аҳамият касб этади.

Шунингдек, тадбирда сўзга чиққанлар чорва моллари наслини яхшилаш, озуқа базасини мустаҳкамлаш, наслчилик йўналишидаги хўжаликлар фаолияти ва чорвачилик маҳсулотларини етиштиришда йирик тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш борасида белгиланган вазифалар ҳақида батафсил маълумот беришди.

Биргина жорий йилнинг ўзида Сирдарё вилоятида қиймати 177 миллиард 760 млн сўмлик 38 та лойиҳалар амалга ошириш режалаштирилган. Бугунги кун ҳолатига кўра 33 лойиҳа амалга оширилиб, натижада хорижий давлатлардан 7 минг 900 бош наслли қорамол, 1 минг 310 бошдан ортиқ наслли қўй-эчки олиб келинган.

Чорвачилик хўжаликларидаги чорва моллари озуқа базасини мустахкамлаш мақсадида жами 14,6 минг гектар ер майдони ажратилиб, шундан, 11,3 минг гектарига беда, 3,3 минг гектарига маккажўхори, асосий ер майдонларига ва ғалладан бўшаган 4,8 минг гектарига оралиқ озуқабоп экинлар экилди.

Бундан ташқари, бу йил вилоятда чорвачилик хўжаликлари фаолиятини ривожлантириш учун 2 миллиард сўм субсидия ажратилиб, тирик вазнда 33 минг 196 тонна гўшт, сут маҳсулотлари эса 168 минг 125 тонна сут ва сут маҳсулотлари ишлаб чиқарилганлиги таъкидланди.

Семинар давомида чорвачилик, паррандачилик, қўйчилик, балиқчилик, наслчилик йўналишларидаги янгиликлар билан бир қаторда мавжуд муаммоларни бартараф этиш борасида ҳам фикр алмашилди.

Ҳудуддаги тадбиркорларнинг янги лойиҳаларни амалга ошириш учун кредит маблағлар ажратиш, озуқа-ем етказиб бериш учун ер майдонларини ажратиб бериш бўйича тавсия ва таклифлар берилди.

Сирдарё рақамларда
Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш