Сешанба, 27 Апрель 2021, 13:07:58
Ҳаво ҳарорати :
eye Кўзи ожизлар учун
Матбуот анжумани: ичимлик суви таъминотида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва келгуси режалар
Бугунги кунда мамлакатимизда олиб борилаётган оқилона сиёсат, қолаверса, замон талаби ҳар бир соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларни очиқлик ва шаффофлик тамойили асосида олиб бориш, келгусига режалаштирилган тадбирларни ҳаққоний ва холис тарзда кенг жамоатчиликка етказишдир. Сирдарё вилояти аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар бўйича Сардоба тумани ҳамда Гулистон шаҳри мисолида ташкиллаштирилган пресс-тур якуни билан соҳада вилоят миқиёсида олиб борилаётган ўзгариш ва янгиликлар, мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш чоралари юзасидан матбуот анжумани ўтказилди.

Анжуманда вилоят ҳокимининг ўринбосари А.Хожиматов, Гулистон шаҳар ҳокими Т.Дадабаев, мутасадди ташкилотлар раҳбарлари ва масъул ходимлари иштирок этишди.

–Юртимизда ичимлик суви таъминоти тизимини ривожлантириш, аҳолини сифатли ичимлик суви билан таъминлаш ижтимоий сиёсатнинг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади, деди вилоят ҳокимининг ўринбосари А.Хожиматов. –Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш керакки, истеъмолчиларга тоза ичимлик сувини етказиб бериш аҳолига кўрсатилаётган ҳаётий муҳим хизматлардан биридир. Буни эътиборга олган ҳолда кейинги йиллар давомида ичимлик суви таъминоти тизимини ривожлантириш йўлида Муҳтарам Президентимиз Ш.М.Мирзиёев томонидан ғоят муҳим дастурлар ва лойиҳаларни изчиллик билан рўёбга чиқариш, шаҳар ва туманларда, шу жумладан, қишлоқ жойларда сув таъминоти ҳолатини сезиларли даражада яхшилаш йўлида бир неча қарор ва фармонларни имзоладилар. Бугунги кунда ушбу қилинган ишлар ўз самарасини бермоқда.

Таъкидланганидек, Сирдарё вилоятида марказлаштирилган сув таъминоти “Зомин”, “Бешбулоқ”, “Балиқчи” ер ости сув манбаларидан ҳамда туман ва шаҳар ҳудудларидаги алоҳида турган тик қудуқлар орқали истеъмолчиларга ичимлик сувини етказиб беради. Бугунги кунда вилоятимиздаги 846,7 минг нафар аҳолидан 695,8 минг нафари ёки 82,2 фоиз марказлашган ичимлик суви билан таъминланган, қолган аҳоли алтернатив ичимлик суви манбаалари ва махсус транспорт воситалари орқали ичимлик сувидан фойдаланади. Марказлаштирилган ичимлик суви билан таъминланиш бўйича Сирдарё вилояти Республикада Тошкент шаҳар (98,9%) ва Андижон вилоятларидан (82,4%) кейинги 3-ўринда турибди. 2016 йил бошида вилоятнинг марказлаштирилган ичимлик суви билан таъминланиш даражаси 63,1 фоизни ташкил этган. 2016 йилдан 2020 йилгача, яъни ўтган беш йил мобайнида 1,1 трлн.сўм маблағлар ҳисобидан 2,1 минг км масофада ичимлик сув тармоқлари қурилиб, туманларнинг чекка қишлоқларидаги 150 минг нафарга яқин аҳолиси илк бор ичимлик суви билан таъминланди. Эътиборли жиҳати, 2010-2015 йилларда 160,0 млрд.сўм маблағлар ҳисобидан 0,5 минг км масофада ичимлик сув тармоқлари ётқизилган.

Биргина Сардоба туманида 2016 йилдан бугунги кунга қадар 233,2 млрд.сўм маблағлар ҳисобидан 263,4 км масофада ичимлик суви тармоқлари ётқизилиб, таъминланиш даражаси 66,4 фоизга етган бўлса, Оқолтин туманида 142,9 млрд.сўм маблағлар ҳисобидан 230,1 км масофада ичимлик сув тармоқлари ётқизилиб, таъминланиш даражаси 90,0 фоизга, Ховос туманида эса 236,6 млрд.сўм маблағлар ҳисобидан 467,0 км масофада ичимлик сув тармоқлари ётқизилиб, таъминланиш даражаси 74 фоизга қамраб олинган. Бундай кўрсатгичларни яна бир неча туман ва шаҳарлар мисолида кўришимиз мумкин. 
Матбуот анжумани давомида журналистлар мавзуга оид ичимлик ва оқова сув намуналарини тахлил қилиш учун лаборатория фаолият, лойиҳаларни молиялаштириш манбаалари, истиқболда амалга оширилиши режалаштирилган лойиҳалар каби кўплаб саволларига тўлиқ ва батафсил жавоб олдилар.

–Бу каби тадбирлар асносида ҳар қандай соҳада бирор-бир натижага эришишда қанчадан-қанча машақатларни босиб ўтилишини тушуниб етамиз, –дейди Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси масъул ходими Д.Исмадиёрова. –Бугунги кунда тоза ичимлик суви захираларининг кўплиги жиҳатидан дунёда етакчи ўринларда турадиган Германияда 1 метр куб ичимлик сувининг нархи 1,91 долларни, Франция ва Италияда 1,3 долларни, Россияда 1,41 долларни ташкил этар экан. Мамлакатимизда эса 1 метр куб учун 2000 сўмдан ортиқ маблағ сарфлансада, аҳолига 1250 сўмда ҳисоб-китоб қилинади. Бундай қулайликларга, имтиёзларга шукр қилиб, албатта, қадрига етишимиз керак.

Дарҳақиқат, мамлакатимизда аҳолини сифатли ичимлик сувидан оқилона фойдаланиш, унинг қадр-қимматини англаш ҳар бир фуқаронинг бурчи ва вазифаси бўлиши лозим.

Сирдарё рақамларда
Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш