Сешанба, 27 Апрель 2021, 13:07:58
Ҳаво ҳарорати :
eye Кўзи ожизлар учун
Рағбат янгиликлар яратишга чорлайди
Сирдарё тумани «Оҳанрабо Медиа» МЧЖ га қарашли “Эркатой” номли давлат-хусусий шерикчилик асосидаги нодавлат мактабгача таълим муассасасининг ўз фаолиятини бошлаганига ҳали кўп бўлгани йўқ. Шунга қарамай мазкур муассасада туманнинг турли ҳудудларидан 350 нафардан зиёд ўғил-қиз таълим-тарбия олмоқда.

– Ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган оилаларнинг 108 нафар фарзанди боғча тўловининг 50 фоизи миқдорида пул тўлайди, – дейди Малика Ғаниева. – Боғчада машғулотлар ўзбек ва рус тилларида олиб борилади. Шунингдек, кичкинтойларга инглиз тили сабоқлари ҳам бериб борилмоқда. Боғчада 4 та тайёрлов гуруҳи мавжуд.

“Қуёш” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилувчи аҳолининг айтишича, бир вақтлар болалар боғчаси бўлган мазкур ҳудуд кейинги йилларда қаровсизлиги туфайли ташландиқ бир маконга айланиб қолган. Тадбиркор Малика Ғаниеванинг елиб югуриши натижасида бу ер банк сармояси асосида гўзал масканга айланди.

Болалар боғчаси жаҳон андозалари талаблари асосида миллий уйғунликни ўзида акс эттирган ҳолда жиҳозланган. Ҳар бир гуруҳда ўзига хослик, миллий анаъна ва руҳ мужассам. Тарбиячи ва ёрдамчилари ҳам танлов асосида ишга қабул қилинган. Боғчада иқтидорли болалар жуда кўп. Шу боис иқтидорли болалар учун алоҳида гуруҳ ташкил қилиш мақсадида қўшимча бино қурилиши ҳам бошлаб юборилган. Тадбиркор келгусида мактаб ҳам қуриш баробарида ўзига хос кластер ташкил қилиш ниятида. Яъни иқтидорли болалар мактабини ташкил қилиб, олий ўқув юртлари учун талабалар етказиб беришга ва уларнинг тўлов контрактлари ва бошқа харажатларини ҳам таъминлашни режалаштиряпти. Тадиркор ўз истеъдодини намоён этган, иқтидорли йигит-қизларни олийгоҳни тугатганидан сўнг иш билан банд қилиш ҳақида ҳам режалар тузмоқда.  

Болаларни эрталаб боғчага олиб келиш ва манзилга етказиш учун муассасанинг махсус автобуси хизмат кўрсатади. Бу ўз навбатида туманнинг чекка ҳудудларидан боғчага келувчи болажонлар ва уларнинг ота-оналари учун ҳам бирмунча қулайлик яратади.

Тадбиркор оила аъзолари билан биргаликда қуёнчилик, товуқчилик билан шуғулланиб, аҳолига парҳез гўшт маҳсулоти етказиб бермоқда.

Элим деб, юртим деб, ёниб яшаётган аёлнинг меҳнатлари эътибордан четда қолмади. М.Ғаниева Президентимизнинг фармони билан “Дўстлик” ордени билан тақдирланди.  

– Мен бундай эътибор, рағбатни кутмаган эдим, – дейди Малика Ғаниева. – Юртимизда чин дилдан меҳнат қилган инсоннинг меҳнати қадр топар экан. Бундай улкан рағбат эса биз, тадбиркорларни янгиликлар яратиш, имкониятимизни тўлиқ ишга солиб хизмат қимлишга чорлайди.  

Сирдарё рақамларда
Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш