Сешанба, 27 Апрель 2021, 13:07:58
Ҳаво ҳарорати :
eye Кўзи ожизлар учун
Янгиерда ўткир буйрак етишмовчилиги касаллиги билан хасталанган беморлар учун янги бўлим очилади
Ўткир буйрак етишмовчилиги касаллиги билан касалланган беморлар саломатлигини сақлаш ва уларга намунали тиббий хизмат кўрсатиш тизимини йўлга қуйиш бугунги куннинг долзарб ва кечиктириб бўлмайдиган масалаларидан бири.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан олиб борилаётган статистик маълумотларга кўра, сўнги йилларда ушбу касаллик сабаб “сунъий буйрак” аппаратига муҳтожлар сони йилдан йилга ортиб бормоқда.

Сирдарёда ана шу турдаги касалликка чалинган беморларга шу бугунги кунгача битта муассасада, яъни вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида хизмат кўрсатиб келинган бўлса, энди эса ушбу хизмат тури вилоятнинг Янгиер шаҳрида ҳам йўлга қўйилади.

Йил бошида мазкур муассасага 1 миллион АҚШ доллари қийматидаги “сунъий буйрак” аппарати келтирилганди. Ушбу аппаратларни ўрнатиш ва ишга тушириш мақсадида муассасада алоҳида хона ажратилди. Айни вақтда у ерда қурилиш, монтаж ишлари амалга оширилмоқда. 

Қурилиш ва монтаж ишлари ниҳоялагач, бир вақтнинг ўзида ўн нафар, бир йилда 300 минг нафар беморга хизмат кўрсата оладиган янги Нефрология бўлими иш фаолиятини бошлайди.

— Мазкур бўлимнинг вазифаси ниҳоятда аҳамиятли, — дейди Янгиер шаҳар тиббиёт бирлашмаси бош шифокори Анвар Ўралов. — Бўлимга келтирилган ва ўрнатилиши кўзда тутилган янги аппаратларимиз хасталанган буйракларнинг чиқарувини вақтинча ўтаб қолмай, инсон организмидаги сув-электролит ва кислота-ишқор балансини, қон таркибини нормал сақлаб, моддалар алмашинувини яхшиланишига, танада турли заҳарланишлардан ҳосил бўлган токсинларни чиқариб ташлашга, инсон умрини узайтиришга ёрдам беради. 

Қолаверса, ушбу аппаратга муҳтожлар сони кам эмас. Улар шу бугунги кунгача Гулистон шаҳрида даво муолажаларини олиб келишаётган эди. Энди эса у ерга боришга ҳожат қолмайди.

Янги бўлим ишга тушгач, унда маҳаллий мутахассислар ишлайди, улар Ховос, Боёвут, Сардоба туманлари ҳамда Янгиер ва Ширин шаҳри аҳолисига хизмат кўрсатади. 

Айни вақтда шу йўналишда ишлайдиган 4 нафар шифокор, 5 нафар ҳамшира Республика нефрология ва буйрак трансплантацияси ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказида, 15 нафар ўрта тиббиёт ходими Сирдарё вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида малака оширмоқда.

Сирдарё рақамларда
Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш