Сешанба, 27 Апрель 2021, 13:07:58
Ҳаво ҳарорати :
eye Кўзи ожизлар учун
Рағбат ва қўллаб-қувватлов – юксак муваффақиятларнинг мустаҳкам пойдевори
Эътибор ва рағбат бор жойда инсон ўз олдига қатъий мақсадлар қўйиб, унга эришиш йўлида астойдил интилади, изланади. Сидқидилдан қилинган меҳнат эса бесамар кетмайди. Ҳаётнинг бу оддий ҳақиқати кўп бор исботини топган. Бунга мисоллар ҳам, далиллар ҳам етарли. Ўрни келганда, улардан бирини алоҳида тилга олиб ўтсак. Чунки у биз сўз юритмоқчи бўлган мавзуга бевосита дахлдор.

Велоспорт бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Янина Кускова ёш бўлишига қарамасдан, бир қанча республика ва халқаро турнирларда муваффақиятли иштирок этиб келмоқда. Жумладан, велоспортнинг шоссе ва трек йўналишлари бўйича ўсмирлар ва ёшлар ўртасида Ўзбекистон чемпионатлари ва кубоклари ғолиби, 2019 йил Хиндистонда бўлиб ўтган Осиё кубогида яккалик вақт пойгасида кумуш, гуруҳ пойгасида бронза медаль соҳибаси, Санпурда ўтказилган велоспортнинг трект йўналиши бўйича Осиё кубоги, гуруҳ пойгасида эса олтин медалга муносиб кўрилган.

Кускованинг жаҳон спорт майдонларида Ватанимиз байроғини баланд кўтариб, унинг шон-шуҳратини оширишдаги муносиб ҳиссаси эътибор ва рағбат топиб, унга 14 минг АҚШ доллари қийматидаги велосипед совға қилинганини яхши эслаймиз. Ана шу рағбат кейинчалик қанчадан-қанча муваффақиятларга, кўплаб қувончли дамларга пойдевор бўлдики, улар мисолида ёшларни қўллаб-қувватлаш сиёсатининг аҳамияти, моҳиятини янада теранроқ англаб етдик. Ғамхўрликдан руҳланган Янина билим ва маҳоратини оширишга ҳаракат қилди. Шунга яраша спортдаги натижалари ҳам мустаҳкамланиб бораверди.

– Спортнинг бошқа йўналишларида қанчалик билмадим, лекин, велоспортда спортчининг маҳорати билан бир қаторда унинг улови – велосипеди ҳам муваффақият калити ҳисобланади, – дейди Янина. – Ҳар томонлама эътибор ва ғамхўрлик қуршовида бўлиб, эътироф этилиш қувончли, албатта. Аммо унинг масъулияти унданда юксак. Билдирилган ишонч, берилаётган имкониятлар кўнглимда миннатдорлик ҳиссини уйғотиш баробарида, келгусида шу юрт, шу халқ учун бор куч ва имкониятимни сарф этишдек мақсадимни янада қатъийлаштирди.

Мамлакатимиздаги барча изланувчан, билимли ва фаол ўғил-қизлар сингари сирдарёлик Янина Кускова ҳам мустақиллигимизнинг 30 йиллигини ютуқ ва натижалар билан қарши олмоқда.

Янина куни кеча Туркиянинг Каҳраманмараш шаҳрид Россия, Қозоғистон, Украина ва бошқа кўплаб мамлакатлардан ташриф буюрган 30 дан ортиқ спортчи иштирокидаги халқаро велопойгада юқори кўрсаткич қайд этиб — мусобақанинг "Энг яхши ёш пойгачиси" сифатида эътироф этилди.

Бундай муваффақиятлар замирида тажрибали мураббийлар ва спортчимизнинг кечаю кундуз қилаётган тинимсиз меҳнати, халқимиз ва ҳурматли ота-она дуолари, муҳтарам Президентимизнинг ёшларга қаратаётган юксак эътибори мужассам, десак, ҳар томонлама тўғри бўлади.

Дарҳақиқат, бундай ютуқлар Янина учун сўнггиси эмас, ёш, изланувчан, тиришқоқ ва умидли спортчимиздан юксак марраларни забт этиб, янги зафарларни қўлга киритишини кутиб қоламиз ва албатта бунга тилакдошмиз.

Сирдарё рақамларда
Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш