Сешанба, 27 Апрель 2021, 13:07:58
Ҳаво ҳарорати :
eye Кўзи ожизлар учун
Президент сайловининг конституциявий-ҳуқуқий асослари: миллий ва хорижий тажриба
Гулистон шаҳрида “Президент сайловининг конституциявий-ҳуқуқий асослари: Ўзбекистон ва хорижий мамлакатлар тажрибаси” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.

Халқаро анжумандан кўзланган асосий мақсад, сайловларнинг конституциявий-ҳуқуқий асослари ва сайлов қонунчилиги ривожланиш тенденцияларини илмий таҳлил қилиш, шунингдек, сайлов қонунчилиги ва амалиётини янада такомиллаштириш юзасидан ўзаро тажриба ва фикр алмашишдан иборат. 

Бундан ташқари, Ўзбекистонда сўнгги йилларда сайлов қонунчилигини тизимли ва изчил демократлаштириш ҳамда либераллаштириш бўйича эришилган натижалар, шунингдек, жамият ва давлат ҳаёти, чинакам демократия, адолатли сайловларни ташкил этиш ва ўтказишда очиқлик, ошкоралик ва шаффофликни таъминлаш бўйича яратилган шарт-шароитлардан халқаро жамоатчилик ва экспертларни хабардор қилишдир.

Замонавий дунёда эркин ва адолатли сайловлар демократлаштириш жараёнининг ҳал қилувчи омили ва халқ иродасини ифода этувчи асосий воситалардан бири ҳисобланади. Зеро, сайловлар жамиятнинг сиёсий ҳокимиятини ягона, ажралмас, давлат ҳокимиятига айлантиришга хизмат қилади.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда давлат ва жамиятни демократлаштириш ҳамда модернизация қилиш бўйича жадал ва кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Натижада бугунги кунда мамлакатимиз демократик талабларга жавоб берадиган замонавий миллий сайлов тизимига эга.

Ўзбекистоннинг замонавий сайлов тизими кўп йиллик эволюция ва кўп томонлама сиёсий мулоқот натижасидир. Сайлов тизими ва қонунчиликни модернизация қилиш уч босқичда амалга оширилди.

Бу қонунлардан Сайлов кодексига ўтиш, яъни сайлов қонунчилигини кодификация қилиш; иккинчидан, барча даражадаги сайлов комиссиялари фаолиятининг мустақиллигини таъминлаш; учинчидан, миллий қонунчилик ва сайлов амалиётининг умумий қабул қилинган халқаро демократик тамойилларга мувофиқлиги, ўзаро боғлиқлигини таъминлайдиган адолатли сайловлар учун ҳуқуқий шароитларни шакллантириш ва такомиллаштириш жараёнларини ўзида қамраган.

Шу билан бирга, сайлов тизимига муайян таъсир кўрсатадиган янги омиллар пайдо бўлди. Ҳозирда ҳаётнинг барча соҳаларида кенг қўлланиладиган электрон ахборот технологиялари етакчи ўрин эгалламоқда. Дунёда сўнгги бир ярим йилда сайловлар пандемия шароитида бўлиб ўтмоқда, бу эса, ўзига хос янги чоралар қўллашни талаб қилмоқда.

Конференция ўз ишини учта шўъбада давом эттирди.

Хорижий экспертларнинг таъкидлашича, Ўзбекистоннинг сайлов қонунчилиги шу давргача бўлиб ўтган сайловлар давомида тўпланган миллий тажриба, илғор хорижий сайлов амалиёти, шунингдек, халқаро стандартлар, фуқароларнинг сиёсий онги ҳамда электорал маданиятининг ўсиши, амалга оширилаётган демократик ислоҳотларнинг бориши ва талабларини ҳисобга олган ҳолда жадал такомиллашиб бормоқда.

Янги Ўзбекистоннинг замонавий сайлов тизими яратилиши кўп йиллик эволюцион жараён ва ҳар томонлама сиёсий мулоқот маҳсулидир. Мамлакатда соғлом партиялараро рақобат ва барча партияларга сайлов кампаниясини ўтказиш учун тенг шарт-шароитлар яратилган, сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш учун ажратилган бюджет маблағларини адолатли тақсимлаш, овоз беришнинг ҳалол ва қонуний бўлишини таъминлаш юзасидан зарур чоралар кўрилган. 

Конференцияда пандемия шароитида сайлов жараёнига янги технологияларни жорий этиш, сайлов тизимида рақамли технологиялардан фойдаланиш ва уларни ҳуқуқий тартибга солишни янада кенгайтириш масалалари ҳам кенг муҳокама қилинди.

Халқаро анжуман якунида Гулистон ҳужжати қабул қилинди. Унда Ўзбекистоннинг сайлов сиёсати ва қонунчилигини такомиллаштиришга оид тавсиялар назарда тутилган.

Сирдарё рақамларда
Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш