
Жорий йил 7 сентябрь куни вилоят ҳокимлиги катта мажлислар залида Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатларининг бўшаб қолган ўринга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси сайлови бўйича қўшма мажлиси бўлиб ўтди. Унда вилоят, туман ва шаҳар давлат ҳокимияти вакиллик органлари депутатлари, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари иштирок этдилар.
Қўшма мажлисни Ўзбекистон Республикаси Марказий Сайлов Комиссияси аъзоси Темир Ширинов очди.
Мажлисга халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Камолиддин Оқбўтаев раислик қилди.
Қўшма мажлисда халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгашидан 46 нафар, халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларидан 268 нафар, жами 322 нафар депутат қатнашди.
Мажлисда бўшаб қолган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолигига Гулистон шаҳар 4-Намуна сайлов округи депутати Улуғбек Норхожаевич Сотиболдиев номзоди оқсоқоллар кенгаши томонидан кўрсатилди. Қўшма мажлисда сўзга чиққан 7-Улуғобод сайлов округидан вилоят Кенгаши депутати Расул Каримов, 21-Ховос сайлов округидан вилоят Кенгаши депутати Солижон Қудратовлар кўрсатилган номзод жуда муносиб эканлигини таъкидладилар.
Яширин овоз бериш йўли билан ўтказилган сайловда Халқ депутатлари Сирдарё вилояти 4-Намуна сайлов округи депутати, “Bek cluster” МЧЖнинг бош директори Улуғбек Сотиболдиев 327 та (98,4) овоз билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси этиб сайланди.
Билдирилган катта ишонч, Президентимиз томонидан кўрсатилаётган эътибор учун Улуғбек Сотиболдиев чуқур миннатдорчилик билдирди ва Сирдарё вилояти аҳолисининг фаровонлиги, мамлакатимиз тараққиёти учун янада фидокорона меҳнат қилишга ваъда берди.
Б.БЕКМУРОДОВ
“Сирдарё ҳақиқати”
газетаси мухбири