
Бундан 26 йил олдин 1992 йил 2 июль куни Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тўғрисида»ги қонуни қабул қилинди. Бу билан нафақат мамлакатимиз мустақиллиги мустаҳкамланди, ўзбек халқимиз ўзи истаган ва танлаган йўлда яна бир муқаддас тимсолга эга бўлди. Шу санадан эътиборан давлатимиз герби тасвири мамлакатимиздаги барча ташкилоти бинолари пештоғига ўрнатилди.
Гербимизадаги ҳар бир ранг, чизиқ, белги теран рамзий маънога эга. Гербимиз марказида қанотларини кенг ёйиб турган Ҳумо қуши тасвирланган. Бу бахт-саодат ва эрксеварлик рамзидир. Ҳумо қуши ўзбек халқи орасида одамларни бахт-саодатга етказувчи илоҳий қушнинг рамзи сифатида эъзозланиб келган. Гербнинг юқори қисмида Ўзбекистоннинг барқарорлиги рамзи бўлган 8 қиррали юлдуз тасвирланган бўлиб, унинг ичида ярим ой ва 5 қиррали юлдуз ифодаланган. Қуёш тасвири – ўзбек давлати ва халқининг ҳаёт йўли ҳамиша нурли бўлиши учун билдирилган эзгу ниятдир. Бундан ташқари, қуёш мамлакатимиздаги ниҳоятда гўзал, табиий иқлим шароитини ҳам кўрсатиб туради. Гербдаги бошқа тасвирлар ризқ – рўзимиз бўлмиш ғалланинг тимсоли, оппоқ бўлиб очилаётган пахта чаноқлари давлат байроғига ўхшаган лента билан ўраб қўйилган – бу мамлакатимизда яшаётган халқлар якдиллигининг тимсолидир. Гербнинг пастги қисмида давлатимиз байроғини ифода этувчи уч рангдаги чамбар бандига “Ўзбекистон” сўзи битилган.
Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тўғрисида» ги қонунда белгилангандек, мамлакатимиз фуқаролари, Ўзбекистонда истиқомат қиладиган барча шахс давлатимиз гербини ҳурмат қилишлари шарт.
Давлат герби мамлакат фуқаролари учун муқаддас ҳисобланган белги. У юрагида Ватан туйғуси бор ҳар қандай кишида миллий ҳис, ўзига хос ғурур, энг муҳими, юртга меҳр уйғотади.
Ж. Ядгарова
Алишер Навоий номидаги
Сирдарё вилоят Ахборот-кутубхона
маркази бўлими мудири