Гулистонда Ҳалимa Худойбердиева номидаги ижод мактабининг тамал тоши қўйилди

chop etish

Маълумки, Президентимиз жорий йилнинг 19 февраль куни Сирдарё вилоятига ташрифи давомида Ўзбекистон халқ шоири Ҳалима Худойбердиева номидаги она тили ва адабиёт фанларини чуқур ўргатишга ихтисослаштирилган мактабни ташкил этиш бўйича топшириқ берган эдилар. Бугун Гулистон шаҳрида ана шу мактаб биносига тамал тоши қўйиш тантанаси бўлиб ўтди.

Тадбирда вилоят ҳокими Ғ.Мирзаев, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Ҳ.Ортиқбоева ҳамда бир гуруҳ вилоятимиз фаоллари сўзга чиқишди.

Жорий йилнинг 25 августигача қуриб фойдаланишга топширилиши кутилаётган мазкур ўқув муассасасида 150 нафар иқтидорли ўғил-қиз таълим олиши мўлжалланмоқда. Қурилишнинг лойиҳа таклифига кўра, мактаб умумий кўриниши эзгулик, орзу-умидлар, тинчлик рамзи- парвоздаги лайлакни эслатувчи муҳташам ва бетакрор меъморий ечимдаги бинога эга бўлади. Унда халқимизнинг севимли шоирасининг ҳаёти ва ижодига оид музей ҳам жой олиши белгиланган.

Бугун сирдарёликлар, айниқса ёшларнинг қувончи чексиз, -дейди Зулфия номидаги давлат мукофоти лауреати, Гулистон давлат университети талабаси Азизахон Зулфиқорова. – Негаки, энди ҳадемай адабиётга, бадиий ижодга ҳавасманд ўқувчилар учун ҳам ихтисослаштирилган замонавий мактабимиз бўлади. Ўйлайманки, унда таълим олган ёшларимиз айни Сирдарёда туғилиб ўсган ардоқли шоирамиз Ҳалима Худойбердиеванинг муносиб издошлари бўлиб етишадилар.

Мактаб қурилиши бошланишига бағишланган маросимда шоиранинг синглиси, Ховос туманидаги 23-мактаб ўқитувчиси Раҳима Худойбердиева сўзга чиқиб, опаси- Ўзбекистон халқ шоири Ҳалима Худойбердиевага кўрсатилган юксак иззат –эҳтиром учун ижодкорнинг оила аъзолари номидан чексиз миннатдорлик билдирди.

Вилоят ҳокимлиги

ахборот хизмати